1931 йили Ўрта Осиё темир йўл муҳандислари институти сифатида ташкил топган, айни пайтда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти таркибидаги Тошкент темир йўл муҳандислари институти ўз профилини кенгайтирмоқда.
Олийгоҳда 22 та кафедра фаолият олиб боради, 20 та бакалавриат ва 15 та магистратура таълим йўналишлари бўйича мутахассисларни тайёрлайди. Олий таълим муассасасидаги ўзгаришлар бўйича проректор Абдулазиз Ғуломов Kun.uz'га интервью берди.

─ Темирйўл институти фақат битта йўналиш учун кадр чиқаради, битта соҳа учун ишлайди, «Темирйўл» нинг ўзи ҳам монопол ташкилот бўлганлиги учун, институт бошқаларга кадр етиштирмайди, дейишади. Ҳозирги қабул жараёнида ҳам буюртмачи битта бўлади, деган қараш юради. Ҳар йили қабул жараёнида кадр буюртмачиси битта бўлиб қоладими? Бу йилги қабулнинг ўтган йилгиларидан фарқи борми?
─ Бу қараш нотўғри. Биз битта корхона учун ишламаймиз. Албатта, асосий кадрлар истеъмолчиси «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ таркибига кирувчи корхона ва ташкилотлар ҳисобланади. Шунга қарамай, институтда жуда кўп йўналишлар, хусусан умумий транспорт, логистика, қурилиш, иқтисодиёт ва бизнес, касб таълими йўналишлари ҳам мавжуд. Нафақат «Ўзбекистон темирйўллари»га, балки иқтисодиётдаги турли соҳалар учун кадр тайёрлаймиз.
Илгари алоҳида бўлган «Ўзбеккўмир», «Тошкент метрополитени» ҳам темирйўл тизимига ўтказилди. Ҳозир эса уларга ҳам кадр тайёрлаймиз. Жорий йилдан кончилик иши, кўмир қазиб олиш бўйича ҳам кадр тайёрлашни бошлаймиз. Бу биз учун янги соҳа. Шунинг учун четдан ўқитувчиларни жалб қилиш режалаштирилган.
─ Профилга мос бўлмаган соҳаларни қамраб олишнинг самарадорликка салбий таъсири йўқми?
─ Йўқ, салбий таъсири йўқ. Ҳар бир таълим йўналишининг ўз меъёрий ҳужжатлари бўлади, профессор, ўқитувчиларни жалб қилиш керак бўлади. Агар жараён тўғри ташкил этилса, бошқа таълим йўналишларини ҳам қамраб олиш имконияти пайдо бўлади. Лекин бу вазифанинг ўзига яраша қийинчилиги борлигини эътироф этиш керак.
Янги ташкил этиладиган кончилик иши ёки ўтган йили ташкил этилган Дронларни лойиҳалаш ва эксплуатация қилиш иши бўйича маълум жиҳатдан анча ишлашга тўғри келди. Дунёда тан олинган дрон ишлаб чиқарувчи корхоналар, олий таълим муассасаларига мутахассисларни юбориб, тайёрладик.









