Сўнгги кунларнинг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуси электр-энергияси нархининг либерализация қилиниши, яъни бозорга мосланиши, оддий тил билан айтганда ошиши билан боғлиқ. Бу мавзу «Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш» сарлавҳали мақола орқали сайтимизда ҳам атрофлича ёритилди. Хўш, аксарият аҳолининг кўнгли тўлмайдиган бу ислоҳотдан қандай мақсад кўзланган?
Мавзуга оид саволларга жавоб олиш учун биз Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Ходжаев билан суҳбатлашдик.
– Шерзод ака, бу ислоҳот кечиктириб бўлмас эканлиги энг юқори доираларда гапирилди. Бундай вазият юзага келишига сабаб нима? Биз соҳа тўлиқ бозор механизмларига ўтишига тайёр бўлдикми?
– Ҳозир шундай бир вазиятдамизки, ё нархларни оширмаймиз, ҳаммаси борича сақлаймиз, ўз-ўзидан соҳага инвестиция жалб қилмаймиз. Натижада электр таъминоти кундан-кунга, ҳозиргидан ҳам ёмонлашаверади. Биздаги ҳар қандай энергетика соҳасида қурилишлар маълум миқдорда захира қуввати билан ишга туширилган. Биз бугунги кунда ўша захира қувватларидан фойдаланиб бўлганмиз ёки фойдаланиб бўляпмиз. Ривожланишни, талабнинг ортиб боришини ҳисобга олиб, энди жуда катта ҳажмларда инвестиция киритмасак, соҳамиз талабга жавоб бермай қолади. Иккинчи йўл – ҳар томондан инвестиция жалб қилиб, янги қувватларни ишга туширамиз.

Албатта, бугун ҳам мавзумиз ҳудудлардаги электр таъминотидаги узилишларга бориб тақалади, бусиз иложи йўқ. Сиз журналистлар ҳам албатта бу мавзуни кўп кўтаряпсизлар, бу яхши, халқимизга ҳамма гапни рўй-рост айтиш керак.
Энди мавзумизга қайтсак, ҳаммаси қиёслашда маълум бўлади, дейдилар. Биз ҳозирча ривожланган давлатлар билан ўзимизни солиштира олмаймиз. Иттифоқдан биз билан бир вақтда ажралиб чиққан қўшни давлатлар билан солиштирганимизда улар энди-энди бундан 30 йил олдинги ишлаб чиқариш ҳажмига етганларининг гувоҳи бўламиз. Биз собиқ иттифоқнинг сўнгги йилларида 55 млрд киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарган бўлсак, бугунги кунда бу кўрсаткич 65 кВ.с.га етди. Лекин бу ҳам камлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Аҳоли сони ошиб бормоқда, ишлаб чиқариш ҳажми кўтарилмоқда. Демак биз кечаги ёки бугунги кун билан яшай олмаймиз, эртани ўйлашимиз керак. Эртанги кун учун эса бугун ҳаракат қилиш шарт.

















