Андижонда шахсий адовати ортидан бировнинг уйини ёқиб юборган эркак жиноий жазога тортилди. У ИИБ ходими бўлган. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмига кўра, 24 ёшли С.Ғ. 2026 йил 20 апрелга қадар Олтинкўл туманидаги Ганжиравон маҳалласида профилактика инспектори бўлиб ишлаган. У 17 апрел куни ярим тунда Избоскан тумани Тошкечик маҳалласига бориб, ўзаро шахсий адовати бўлган шахснинг уйини ёқиб юборган.

С.Ғ. хонадонда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, аввалига уй деразасини синдирган. Сўнгра қўлидаги қоғозни ёқиб, дераза орқали уй ичига улоқтирган ҳамда воқеа жойидан яширинган. Оқибатда хонадонда ёнғин содир бўлган ва 170 млн сўм моддий зарар етказилган.

С.Ғ. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ва адовати бўлган шахс собиқ севгилисининг турмуш ўртоғи эканини айтган.

2022-2024 йилларда С.Н. билан гаплашиб юрдим. У қиз бошқага турмушга чиқиб кетгач, алоқаларни уздим. 2025 йил куз ойларида онам билан шифохонага кетаётган вақтимда Damas машинаси ҳайдовчиси, кейинчалик билишимча Ж. менинг йўлимни қисиб ўтиб кетди. Унга эҳтиёт бўлиб юришни айтдим. У менга қараб сўкинди ва онамни ҳақорат қилди. Онам касаллиги сабабли шу вақтда тортишиб ўтирмасдан кетдим.

Кейинчалик у болани суриштирдим ва Ж. собиқ севгилимнинг турмуш ўртоғи эканини билдим. Шундан сўнг унга нисбатан адоват юзага келди. Қишлоғига бориб, уйи ва қаерда яшашини, нима иш қилишини суриштирдим.

2026 йил 16 апрел куни кечаси спиртли ичимлик истеъмол қилдим. Ж. онамдан келиб сўккани эсимга тушиб кетди. Машинамнинг давлат рақам белгисини ечиб олиб, Ж.нинг қишлоғига бордим.

Яшаш хонадонини кўздан кечирдим. Уйда ҳеч ким йўқлигини билиб, деразани тош билан уриб синдирдим. Ўзим билан олиб келган қоғозни ёқиб, синган деразадан ичкарига ташлаб юбордим”, деган С.Ғ. ўз кўрсатмасида.

Собиқ ходим Ж.ни ўлдиришга қасд қилмаганини, уйда ҳеч ким йўқлигини билгач, бу ишни қилганини билдирган ҳамда суддан енгиллик сўраган.

ЖИБ Избоскан туман судининг ҳукми билан С.Ғ. Жиноят кодекси 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилди. Унга 2,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, С.Ғ.дан жабрланувчи фойдасига 170 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланди.