Бу ҳақда Ўзбекистон Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.
Меморандум Ўзбекистон делегациясининг Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) 70-Бош конференциясидаги иштироки доирасида имзоланган.
Ҳужжатга Ўзбекистон томонидан Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси А. Рафиқов, АҚШ томонидан эса Ядровий тартибга солиш комиссияси раиси Ҳ. К. Ниэҳ имзо чеккан.
Меморандумга мувофиқ, томонлар радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, тегишли фаолиятни лицензиялаш ва инспекциядан ўтказиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиради.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, эҳтимолий авария ҳолатларига тайёргарлик кўриш ва уларга жавоб чораларини ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Ҳамкорлик доирасида соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ва икки мамлакатнинг тартибга солиш органлари ўртасида ахборот ҳамда амалий тажриба алмашинувини кенгайтириш ҳам режалаштирилган.
Қўмита маълумотига кўра, меморандум атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш жараёнида хавфсизликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

















