Орхус университети (Дания), Лондондаги Қиролича Мария университети ва Европанинг бошқа илмий марказлари олимларидан иборат гуруҳ Рим империяси йўлларининг ҳозиргача яратилган энг батафсил рақамли моделини тайёрлади.
Рақамлаштирилган қуруқлик йўлларининг умумий узунлиги қарийб 300 минг километрни ташкил этган. Янги модел олимларга Рим империясининг йўл тармоғи амалда қандай тузилганини кенг кўламда таҳлил қилиш имконини берди.
Тадқиқот натижалари Nature Communications илмий журналида эълон қилинган.
Рим йўллари доим ҳам тўғри бўлмаган
Тадқиқот Рим муҳандислари йўлларни имкон қадар тўғри қургани ҳақидаги кенг тарқалган тасаввур ҳам тўлиқ ҳақиқатга мос эмаслигини кўрсатди.
Олимларнинг хулосасига кўра, қадимги римлик муҳандислар йўлни ҳар қандай шароитда ҳам тўғри чизиқ бўйлаб қуришга интилмаган. Аксинча, улар йўл йўналишини маҳаллий рельефга мослаштирган.
Тўғри йўналишдан фойдаланиш имкони бўлган жойларда римликлар шундай йўлларни афзал кўрган. Аммо бутун империя миқёсида қаралганда, қадимги Рим йўллари замонавий асосий автомобиль йўлларига нисбатан анча эгри-бугри бўлган.
Йўлларнинг қаердан ўтишига тоғлар, водийлар, дарёлар ва аҳоли пунктларининг жойлашуви катта таъсир кўрсатган.
Рим муҳандислари мураккаб ҳудудлардан ўтиш учун террасалар қуриш, тоғ жинсларини кесиб йўл очиш, таянч деворлари ва кўприклар барпо этиш каби усуллардан фойдаланган.
Тадқиқотчилар кўплаб ҳолатларда муҳандислар тўғрироқ, аммо узунроқ йўл ўрнига қисқароқ, лекин эгри-бугри маршрутни танлаганини аниқлаган.
Бу ҳолат айниқса Жанубий Европа ва Ўрта Ер денгизи атрофида яққол кўринади. Бу ҳудудларда релеф мураккаброқ бўлгани сабабли йўлларни тўғри чизиқ бўйлаб қуриш имконияти камроқ бўлган.
Барча йўллар ҳақиқатан ҳам Римга олиб бормаган
Тадқиқот машҳур «Барча йўллар Римга олиб боради» ибораси ортидаги тарихий тасаввурга ҳам бошқача қараш имконини берган.
Олимлар хулосасига кўра, Рим бутун империя миқёсидаги қуруқлик транспорт тизимининг ягона маркази бўлмаган.

















