Ўзбекистон | 10:50 / 10.07.2019
30585
2 дақиқада ўқилади

Ангрен кўмир кони шимолий қисмида йирик ер кўчкиси содир бўлди 

Жорий йилнинг 8 июль куни тахминан соат 15:30ларда Ангрен кўмир конининг шимолий қисмида чамаси 25 миллион метр куб бўлган ер кўчкиси содир бўлди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” хабар қилмоқда.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Қайд этилишича, мазкур табиий офат муҳандислик коммуникация, авто ва темир йўллар ҳамда Ангрен кўмир кони учун хавф туғдирмайди.

Табиий офатнинг вужудга келишида асосий омил бу жорий йилнинг апрель-май ойларида ёмғирнинг ёғиши (кўп йиллик меъёрдан ортиқ), ер ости сувлари даражасининг сезиларли даражада кўпайиши бўлиб, бу гидродинамик босимининг ошишига олиб келди. Натижада, қум тош тупроқларни ер ости оқимлари билан ювилиб, ер қатламида бўшлиқларни ҳосил қилди. Бу эса, ўз навбатида, Ангрен кўмир конининг шимолидаги ён томонининг заифлашишига олиб келган.

Ўзбекистон Республикаси хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати томонидан салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида кўчки доимий равишда кузатилмоқда. Шунингдек, мазкур ҳудудда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг кун-у тун навбатчилиги ташкил этилган.

Лойиҳа-тадқиқот институти мутахассислари ер кўчиши сабабларини қўшимча ўрганиш бўйича ишларни олиб боряпти, дейилади хабарда.

Мавзуга оид