Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларидан иборат бўлсада, афсуски, ҳануз яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганини таъкидлаб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйган эди.
Бинобарин, амалдаги сайлов қонунчилиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим мураккабликларни келтириб чиқараётган эди. Аниқроқ қилиб айтганда, бунга сайлов жараёнини ташкил этиш ва ўтказишнинг аксарият тартиб-таомиллари тарқоқ ҳолда бир нечта қонунлар билан тартибга солингани, аксарият қоидалар такрорланиши, шунингдек айрим ўта муҳим масалалар қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг тегишли низомлари ва йўриқномалари билан белгилангани улар ўртасида баъзи номувофиқлик ва қарама-қаршиликларни вужудга келтираётган эди.
Айни пайтда, сайлов қонунчилигининг баъзи нормалари демократик сайловларни ташкил этиш ва ўтказишнинг замонавий талаблари ва халқаро амалиётига тўлиқ ҳамоҳанг эмас эди. Масалан, парламентда барча сиёсий кучлар учун тенг шароитлар яратилган бир пайтда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига парламент қуйи палатасида олдиндан белгиланган квота асосида ўрин ажратилиши уларнинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтираётганди.
Сайлов кодексини ишлаб чиқишда халқчил ва халқаро тамойиллар инобатга олинди
Энг илғор халқаро стандартлар асосида, қисқа фурсат ичида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш жараёнида сайлов қонунчилиги тўлиқ хатловдан ўтказилди. Мамлакатимизда сайловларни ташкил этиш бўйича тўпланган амалиёт умумлаштирилди. Ривожланган давлатларнинг бой тажрибаси ўрганилди, уларнинг ижобий ютуқлари асосида самарали, халқчил нормаларни ишлаб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Мазкур кодекс тарқоқ ҳолдаги 5та қонун («Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида», «Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб қарор ва йўриқномаларини ягона қонун ҳужжатида ўзида мужассам этди.
Қайд этиш жоизки, сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда 50 дан ортиқ илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилди.







