11 июль — Бутунжаҳон аҳолишунослик куни муносабати билан БМТнинг аҳолишунослик фонди (UNFPA) ва ҳукумат идоралари иштирокида анжуман бўлиб ўтди. Унда бутун дунёда ҳамда Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқлари муҳофазаси ва репродуктив саломатлик ҳимояси ҳолати ҳақида сўз борди.
Бутун дунёда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш, репродуктив саломатликни мустаҳккамлаш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг устувор ҳаракатларидан бири ҳисобланади.
«Бундан 25 йил аввал, 1994 йилда Қоҳирада Аҳолишунослик ва тараққиёт бўйича халқаро конференция ўтказилган эди. 179та мамлакатдан 10 мингдан зиёд делегатни бирлаштирган бу конференцияда инсоннинг репродуктив саломатлиги ва ҳуқуқлари, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ва гендер тенглигини таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, бу ҳуқуқларнинг зарурати тан олинган эди. Натижада, бутун дунё аҳолисининг репродуктив саломатлиги, ўз ихтиёри билан оила қуриш, ҳомиладор бўлиш вақтини ихтиёрий белгилаш, оналар ўлимини тўхтатиш, аёллар ҳуқуқларини эътироф этиш бутун бўйича дунё ҳамжамияти биргаликда чоралар кўрди. Аммо ҳали ҳам ўзининг репродуктив ҳуқуқларидан маҳрум бўлган аҳоли мавжуд. Ҳамма бирдек қамраб олинмаган. 2019 йил Найробида бўлиб ўтадиган саммитда ҳукуматлар, БМТ агентликлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, хусусий сектор вакиллари бир жойда жамланиб, мазкур масалаларни ҳал этиш бўйича таклифларни тақдим этадилар»,─ дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрейзер.

UNFPA’нинг Ўзбекистондаги вакили вазифасини бажарувчи Педро Пабло Виллануэванинг қайд этишича, инсонларнинг энг оддий ҳақларидан бўлган репродуктив ҳуқуқ, оила қуриш каби масалаларда ҳал этилиши керак бўлган ишлар ҳали кўп. «Ҳали барчани қамраб ололмаганимизни қуйидаги рақамлар ҳам кўрасатади: дунё бўйича 5 миллион ҳомиладор аёл тиббий ёрдамга муҳтож, 274 миллион аёл ўз истаган контрацептив воситаларга эга бўлмагани учун ҳомиладорликнинг олдини олиш имкониятига эга эмас. Ҳар йили фарзандини дунёга келтириш чоғида 830 нафар аёл вафот этади. 33.000 нафар қиз эрта турмушга чиқишга мажбурланади. 11.000 нафар қизнинг жинсий аъзоларига жароҳат етказилади.

Гендер тенглиги таъминланган, ҳеч ким жинсий зўравонликка дуч келмайдиган, ҳеч ким ўз ихтиёрига қарши оила қуришга мажбурланмайдиган, ҳар бир аёл ҳомиладорликни ўз истагига кўра режалаштирадиган, туғруқ жараёни она учун ҳам, бола учун ҳам хавф солмайдиган жамиятни ҳақиқатга айлантириш учун фақатгина умид кифоя эмас. 2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун бу масалаларни ҳал этиш лозим», ─ дея таъкидлайди Виллануэва.















