Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида “Абадий дўстлик тўғрисида”ги шартнома ва ўндан ортиқ бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди. Таҳлилчиларга кўра, Тошкент ва Боку ўртасидаги яқинлашувдан икки томон ҳам иқтисодий ва геосиёсий жиҳатдан бирдек манфаатдор.
— Ўзбекистон ва Озарбойжон муносабатлари қандай даражага кўтарилди ва Алиев ташрифида нималарга келишилди?
Ойбек Сирожов: Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 12 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Улар орасида энг муҳимларидан бири – “Абадий дўстлик тўғрисида”ги шартномадир. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Вазирликлар даражасида ҳам қатор келишувларга эришилди. Жумладан, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Адлия вазирликлари ўртасида эса 2027–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди. Бундан ташқари, 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича дастур қабул қилинди.
Жанубий Кавказ – Марказий Осиёнинг Европага чиқиш йўлидаги муҳим минтақалардан биридир. Бу йўналишда Озарбойжон алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда Ўзбекистон олдидаги муҳим вазифалардан бири – миллий маҳсулот ва товарларни жаҳон, хусусан, Европа бозорларига олиб чиқиш учун барқарор ва самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш.
Эрон йўналишидаги геосиёсий вазият ва санкциялар, Россия орқали ўтадиган йўналишдаги мавжуд хавфлар эса муқобил транспорт йўлларига эҳтиёжни кучайтирмоқда. Шу нуқтайи назардан, Ўрта йўлак тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозир бу йўналиш автомобил транспорти орқали маълум даражада ишламоқда. Бироқ қуруқликдаги транспорт йўлакларининг самарадорлиги, аввало, темирйўл инфратузилмасига боғлиқ. Истиқболда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўлининг Туркманистон орқали Каспий денгизи ва Озарбойжон билан боғланиши мавжуд транспорт имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириши мумкин. Бу Ўзбекистоннинг Европа бозорларига чиқиш имкониятларини диверсификация қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Ташриф давомида Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида Каспий денгизида қўшма флот шакллантириш масаласи бўйича ҳам келишувга эришилгани диққатга сазовор. Буни содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, Ўзбекистон юкларини Туркманистон орқали Каспий денгизига, ундан Озарбойжонга етказишда ўзимизнинг транспорт операторлари ва флотимиздан фойдаланишимиз мумкин бўлади. Бу, биринчидан, ташиш харажатларини камайтиришга, иккинчидан, транспорт йўналишининг жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, қўшимча воситачиларга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Шу жиҳатдан қараганда, Озарбойжон Ўзбекистон учун нафақат сиёсий, балки иқтисодий ва транспорт-логистика нуқтайи назаридан ҳам стратегик аҳамиятга эга.








