Ўзбекистон | 08:11 / 12.07.2019
14931
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ОТМ сони 110тага етди. Тошкент кимё-технология институтининг янги филиали ташкил этилди

Фото: Тошкент кимё-технология институти

Ҳукумат қарори билан Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиали ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ, кимёвий технологиялар соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, корхоналарнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган инновацион тадқиқотларни фаол ривожлантириш Филиалнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

2019/2020 ўқув йилида Филиалга давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига асосан тасдиқланади. 

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Қарор билан Филиал ўз фаолиятини Янгиер қурилиш ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларида олиб боради.

Мазкур касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Филиал биноларида ўқув жараёнини давом эттиради.

Шунингдек, Филиални юқори малакали, илмий ва илмий педагогик кадрлар билан таъминлаш мақсадида Филиал учун илмий-тадқиқот институтлари ва республиканинг етакчи олий таълим муассасаларида таянч докторантурага 2020 йилдан мақсадли квоталар ажратилиши таъминланади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ОТМ сони 110тага етди. Шундан:

91 та маҳаллий ОТМ ва уларнинг филиаллари;
19 та хорижий ОТМ ва уларнинг филиаллари.

Бугунги кунда республикадаги 92 та ОТМда ўқув-тарбия жараёнлари олиб борилмоқда, 18 та ОТМга талабалар 2019/2020 ўқув йилидан қабул қилинади.

Мавзуга оид