Ўзбекистон | 14:21 / 29.04.2023
3275
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Полша «ақл марказлари» ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади

Ўзбекистон элчиси Баҳром Бобоев Полшанинг етакчи таҳлилий муассасалардан бири - Халқаро муносабатлар маркази (CSM) директори Малгожата Бониковска билан учрашув ўтказди, деб  хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Учрашувда томонлар ўртасида ишга солинмаган имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Жумладан, икки мамлакат таҳлилий идоралари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, мамлакатни Полшада сайёҳлик йўналиши сифатида танитиш ва польяк туристлари оқимини янада кўпайтириш масалалари хусусида фикр алмашилди.  Шу мақсадда CSM директори бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқот институти, Марказий Осий халқаро институти ва бошқа таҳлил марказлари билан ҳамкорлик ўрнатиш  муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув натижасида жорий йил давомида Ўзбекистон талабалари кўпчиликни ташкил қиладиган Варшава ва Вистула университетларида «Ўзбекистон маданияти кунлари»ни ўтказиш, Халқаро муносабатлар маркази ва Полшанинг нуфузли ОАВ сайтларида Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларга бағишланган  материалларни эълон қилиш тўғрисида келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид