Ўзбекистон | 18:38 / 13.07.2019
24140
2 дақиқада ўқилади

Умумтаълим мактабларига ўн турдаги қурол-аслаҳалар етказилади

Бундан бир неча йил олдин мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги мактабларда 10–11-синфларнинг тугатилиши билан ўқув қуроллари ва ҳарбий аслаҳалар макетлари ҳамда қуроллардан ўқ отиш хоналари ёппасига йиғиштириб олинганди.

Эндиликда мактабларда ёшларни чақирувга қадар тайёрлаш фани хонаси махсус воситалар билан жиҳозланиб, эскича қолип ва ёндашувлардан бутунлай воз кечилади.

Жумладан, Самарқанд вилоятидаги мавжуд 1214 та умумтаълим мактабларида махсус хона тайёрланиб, 10 турдаги жанговар қуролларга тенглаштирилган қурол-аслаҳалар, 80 турдаги кўргазмали воситалар етказилади. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ахборот хизмати Kun.uz’га хабар бермоқда.

«Ёшлар ҳарбий хизмат ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмай, «Ватанпарвар» кўрсатувини кўриб, ўқитувчилар томонидан ўтилган мавзуларни тасаввурига келтириб, армияга боришга одатланди. Яқин икки йил ичида эса «Халқ ва армия якдил» деган шиор ўз маъносида ишлатила бошланди. Ҳарбий техникалар паради ўтказилди, армия куч-қудрати намойиш этилиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими йўлга қўйилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги 868-сонли қарорига мувофиқ, мактабларда махсус ҳарбий ватанпарварлик хоналари ташкил этилиб, 90 турдаги ўқув кўргазмали ҳарбий қурол ва аслаҳалар билан таъминланадиган бўлди.

Бунгача, мактабларда чақирувга қадар тайёрлаш фанлари 10-синф ўқувчиларига 68 соат ва 11-синфларга эса 51 соат вақт ажратилиб, дарслар кўргазмали воситаларсиз назарий ташкил этилиб, якунда эса уч кунлик дала йиғини ўтказилиши кўзда тутилган бўлса-да, ташкил этилмади. Эндиликда мазкур жараён Мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимлари томонидан назорат қилинади. Ўқув қуроллари, ҳарбий аслаҳалар макети ва бошқа турдаги воситаларни етказилиш муддатлари ҳақида келишиб олинди», — дейилади Марказий ҳарбий округ ахборот хизмати хабарида.

Шунингдек, вилоятдаги умумтаълим мактабларда Ватан ҳимояси йўлида жон фидо этган ўғлонларга бағишланган, жасорат ойнаси ташкил этилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид