Шу йилнинг февраль ойида Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти Урганч тумани Ғалаба маҳалласининг Амударё кўчасида яшовчи аҳоли вакиллари ижтимоий муаммолар ечимсиз қолаётганидан шикоят қилишган эди.

Мурожаатда маҳалла йўллари ҳолати жуда ёмонлиги, электр энергияси таъминотидаги тез-тез узилишлар, электр симёғочлари йўқлиги, ичимлик суви тармоғидаги муаммолар, маиший чиқиндилар тўпланиб қолаётгани каби муаммолар қайд этилганди.

Мурожаат асосида маҳаллага бориб, вазиятни ўрганилди, аҳоли вакиллари билан мулоқот чоғида шикоят ўринли экани ўз тасдиғини топди. Мурожаат асосида сайтда «Ҳаёт йўқ маҳалла!» - Урганч туманидаги «дунёдан узилган» маҳалла муаммолари сарлавҳали танқидий мақола ҳам эълон қилинди.

Урганч тумани ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар Амударё кўчаси аҳолиси шикоятига эътибор қаратиши, муаммоларни бартараф қилишда ёрдам беришини кутган эдик.

Афсуски, танқидий мақола чиққанидан сўнг ҳам маҳалла аҳолисининг қўнғироқлари тинмади, шикоятлари тўхтамади. Орадан беш ой ўтгач, вазиятни ўрганиш учун яна Амударё кўчасига бордик.

Мақолада қайд этилган муаммоларни яна бир бор эслаб, уларнинг ечимига маҳаллий ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар томонидан муносабат қандай бўлганига эътибор қаратамиз.

Урганч тумани Ғалаба маҳалласидаги Амударё кўчасида 200дан ортиқ хонадонда 1500дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллани вилоят маркази Урганч шаҳридан 3 километр масофа, Наврўз шаҳарчасидан эса атиги битта заҳкаш ажратиб туради. Маҳаллий такси ҳайдовчилари орасида у «ҳаёт йўқ маҳалла», яъни «дунёдан узилган маҳалла» номи билан машҳур. Йўллари расволиги туфайли «дунёдан узилиб қолиши», электр энергияси таъминотидаги муаммолар, аҳолининг оддий маиший қулайликлардан маҳрум экани шундай номга сабаб бўлган.

Амударё маҳалласида йўл йўқ деса ҳам бўлади. Агар тупроқ тортилган, ёзда чанг-тўзон бўлиб ётадиган, қишда ботқоққа айланадиган сўқмоқларни йўл деб ҳисоблаш мумкин бўлса, бор. Маҳалла йўллари айнан шундай.

Танқидий мақола эълон қилинганидан 5 ой ўтган бўлса-да, маҳалла йўлларида деярли ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Фақат грейдер билан баъзи ўнқир-чўнқир жойлар текисланган, холос.