Жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг янги Сиёсий дастури ва Сайловолди дастури лойиҳалари муҳокамасига бағишлан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Анжуманни партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров очиб, барчани муҳокамада амалий таклифлар билан фаол иштирок этишга чорлади. 

Йиғилишда таъкидланганидек, партиянинг 2009 ҳамда 2014 йилдаги сайловолди дастурларида кўтарилган бир қатор муҳим ташаббус ва ғояларнинг аксарияти ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси президентининг қарор ва фармони, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ижрога йўналтирилди. Мамлакатни инновацион иқтисодиётга асосланган ҳолда ривожлантириш, бошқарувда очиқлик, ошкоралик, ҳисобдорликни таъминлаш мақсадида “электрон ҳукумат”ни йўлга қўйиш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш асосида рақобатли энергетика бозорини ташкил этиш, тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган хизматларни (трансплантация, ЭКО) кенг йўлга қўйиш каби масалалар шулар жумласидандир. 
 
Видеоселектор йиғилишида фаоллар ва ҳудудий студиядаги иштирокчилар қуйи бўғинда шаклланган таклифларни умумлаштирилган ҳолда билдириб ўтишди. 

Жумладан, дастурий мақсадларда қайд этилганидек, жамиятда ва ҳар бир инсон учун адолатни таъминлашда суд-ҳуқуқ соҳаси муҳим аҳамиятга эга эканидан келиб чиқиб, иштирокчилар суд тизимини янада такомиллаштиришга доир таклифларни илгари суришди. Яъни туманлараро судларни тугатиш, фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича ягона одил судлов органига бирлаштириб, Олий суд билан бир хил тизимдаги умумюрисдикция судларини яратиш лозимлиги эътироф этилди. 

Анжуман иштирокчиларининг фикрича, мамлакатда барча тергов идораларини бирлаштириб, ягона тергов органини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга, суд тизимида инсон омилини иложи борича камайтириш зарурлиги, суднинг очиқ ва шаффофлигини таъминламасдан туриб судларни адолат қўрғони сифатида шакллантириб бўлмаслигига эътибор қаратилди. 

Тадбирда фикр билдирганлар томонидан, таълим ва илм-фанни ривожлантириш партиянинг устувор йўналишларидан бири эканлигини назарда тутиб, олий таълим ва илм-фан интеграциясини янада кучайтириш, ушбу соҳаларда ўзаро ҳамкорликни яхшилаш, илм-фан ютуқларини саноат ва ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали иқтисодиётни ривожлантириш ҳақида алоҳида сўз борди. 

Партия ҳудудий ташкилотлари фаоллари тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат-хусусий шериклик муносабатларини кенгайтириш зарурлигини қайд этишди. Бунда асосий эътиборни барча муассасаларда “ақлли тиббиёт”, “электрон тиббиёт” тизими асосида ишлашга ўтказиш таклиф этилди. Шундан келиб чиқиб, партия давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар доираси белгиланишида, пуллик ва бепул даволаниш ўртасида аниқ чегара ўрнатилиши учун ҳаракат қилиши айтиб ўтилди. Чунки, бу тизим шаффофлашуви ва унда коррупцаген ҳолатлар камайишига туртки бўлади.