«Тергов қўмитасига келсак, ҳозир олимлар, профессор ўқитувчилар нуқтаи-назаридан муҳокама бўляпти. Бошқа давлатларнинг амалиётини ўрганяпмиз.

Лекин ўша давлатлар… бизга сал салбийроқ хулосаларни беришяпти. Биз давлатимизда ҳам шундай Тергов қўмитасини ташкиллаштирдик, лекин у қанчалик инсон, давлат ва жамият манфаатларига фойда беряпти, биз баралла айтолмаймиз,деган муҳокама бўляпти», – дея бош прокурор ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил бўлиб ўтган президентлик сайловларида 2 нафар номзодлар мустақил тергов қўмитаси ташкил этиш бўйича таклифларни илгари сурган эди.

Хусусан, «Миллий Тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ўзининг сайловолди дастурида ҳеч кимга бўйсунмайдиган мустақил орган – тергов қўмитасини ташкил этиш ва терговни холис, ҳаққоний, шаффоф ва ҳалол олиб бориш таъминланишини маълум қилган.

Шунингдек, «Адолат» социал-демократик партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов ҳам ўзининг сайловолди дастурида мустақил тергов қўмитасини ташкил этиш таклифи борлигини, «Миллий тикланиш» партияси улардан бу ташаббусни кўчириб олганини айтган.