Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши вакиллари Наманган вилояти Чуст туманидаги 9-умумтаълим мактаби ўқитувчилари таътилда бўлишларига қарамай мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақидаги маълумотни тўлиқ ўрганишди.
Kun.uz сайтида мазкур мавзуда «Чустдаги мактаб муаллималари қурилиш ишларида жавлон уришмоқда. «Ўз хоҳиши» билан...» сарлавҳали мақола эълон қилинган, бу мавзу ижтимоий тармоқда кенг мунозара қилинган, «Севимли ТВ» мухбири ҳам ҳолат юзасидан журналистик суриштирув ўтказиб, аслида мактабда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилмагани ва бу ҳақдаги хабарлар ёлғонлиги айтилган видеолавҳа тайёрлаганди.
Касаба уюшмаси томонидан ташкил этилган ўрганиш жараёнида Наманган вилояти, Чуст тумани халқ таълими бўлими мудири Шавкатбек Йўлдошев ҳамда 9-мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари билан суҳбат ўтказилган. Педагоглар суҳбат давомида шу йилнинг апрель-июль ойларида 9-мактабда бошланган қурилиш ишларига навбатма-навбат жалб қилинганликларини сўзлаб беришган.
Таълим муассасасидаги барча ўқитувчилар июнь ойидан қонуний, буйруқ асосида меҳнат таътилига чиққан бўлишларига қарамай, қурилиш ишларида қум ва ғишт ташишга, мактаб ҳудуди ва унинг атрофини тозалашга мажбур бўлишган.
«Апрель ойидан буён эркак ўқитувчилар умуман дарс ўтмади, чунки қурилишда ишлашди. Аёл ўқитувчилар эса соғлиги кўтармаган ҳолда мардикор олиб келишга мажбурланди. Ишлаётган эркак ўқитувчиларга овқат пулини ҳам йиғиб бердик. Бунинг орқасидан оилада турли муаммоларга дуч келяпмиз. Келмайлик десак, директор «Сентябрдан сенга дарс йўқ. Ўрнингга бошқасини оламан!», деб дағдаға қилади. Деярли тўрт ойдан буён босим остида ҳар шанба-якшанба кунлари қурилишда ишлаб, охири журналистларга мурожаат қилишдан бошқа иложимиз қолмади. Айтинглар, қайси замонда яшаяпмиз ўзи?», дейди ўқитувчилар касаба уюшмаси бош мутахассиси Лазокат Турикова билан суҳбат вақтида.
Муаллималар мактабда муҳит яхши эмаслигини, директор томонидан қонунлар мунтазам равишда бузилишини, доимий таҳдид остида ишлашлари, қурилиш ишларига ҳатто соғлиги ёмон бўлганлар ҳам мажбурланганини билдиришган.

















