Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан нотариат соҳасини тартибга солиш мақсадида “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими яратилган ва унда қуйидаги имкониятлар шаклланган:
- барча нотариал ҳаракатлар тизим орқали онлайн тарзда мониторинг қилиниши, ноқонуний фаолиятнинг тизим орқали тўхтатилиши ҳамда фуқароларнинг шахсини замонавий текшириш усулларининг қўлланилиши;
- нотариал ҳаракатларнинг электрон тизимда мажбурий қайд этилиши ва ҳар бир ҳужжатга такрорланмайдиган махсус рақам берилиши, шу орқали суиистеъмолчиликларнинг олди олиниши;
- бажарилган нотариал ҳаракатлар ягона электрон базада қайд қилиниши ва шу билан сохта нотариал ҳужжатларнинг расмийлаштирилишини олди олиниши ва ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар тарихи сақланиши;
- мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб нотариал хизматлар кўрсатишнинг сифати ва тезкорлиги, ходимлар томонидан ўз функционал вазифаларини лозим даражада бажарилиши устидан масофадан назорат қилиниши;
- нотариал ҳаракатлар учун тўловларнинг автоматик тарзда ҳисобланиши ва электрон тўловларни ўтказиш имкониятлари билан бирга уларни тасдиқловчи хабарларнинг юборилиш функциялари ҳамда идоралараро ахборот алмашиш электрон тизими йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариал фаолият тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга оширишга алоқадор давлат органлари билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш мақсадида “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимини техник таъминлаш ва юритишга масъул ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2020 йил 1 январдан давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нодавлат нотариал идоралари этиб қайта ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Белгиланишича:
- давлат нотариал идораларини нодавлат нотариал идоралари этиб қайта ташкил этиш адлия органларида нодавлат нотариал идораларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек фаолият юритаётган нотариусларга уларнинг аризаларига асосан нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш орқали амалга оширилади;















