Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 январдан қуйидаги нотариал ҳаракатлар жорий этилиши мумкин:
фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш (гувоҳларни сўроқ қилиш, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш ва гувоҳлантириш, экспертиза тайинлаш, интернет тармоғидаги далилларни таъминлаш);
фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда, шу жумладан мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажариши;
яратилган муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаши. Бунда тақдим этилган ҳужжатнинг тасдиқланган бир нусхаси нотариал идорада, иккинчи нусхаси муаллифда сақланади ва низо келиб чиққан вақтда муаллифлик ва турдош ҳуқуқ эгасини аниқлашда асос ҳисобланади.
2020 йил 1 январидан шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда коммунал хизматлар учун қарздорликни фақат Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базаси орқали онлайн режимда текшириш тартиби ўрнатилган ҳолда коммунал ташкилотлардан бундай қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш талаби бекор қилинади;
битимлар бўйича тарафларнинг тўлов мажбуриятларини бажариши ихтиёрий равишда нотариус депозити орқали амалга оширилади. Бунда, кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда муайян қарздорликлар аниқланганда уларни тегишли маблағни нотариус депозитига ўтказиш орқали тўлаш ёки уларнинг асослигини текшириш имконияти мавжуд бўлади;
битимларни нотариал тасдиқлашни тарафлар турли ҳудудларда жойлашган нотариал идораларда туриб видеоконференцалоқа режимида амалга ошириши мумкин;
очиқ ахборот тизимига жойлаштирилган нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар мулкни бегоналаштириш билан боғлиқ бўлмаган юридик ҳаракатларни амалга оширишда ҳужжатнинг қоғоз шакли билан тенг ҳуқуқий кучга эга бўлади ва фуқаро тегишли давлат органи ёки мансабдор шахсга мазкур ҳужжатларни қоғоз шаклини тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади;















