Қишлоқда туғилиб ўсганман. СССР қишлоқ хўжалиги даврини кўрдим, мустақилликдан кейин шакллантирилган қишлоқ хўжалигини кўрдим, энди, мана, Шавкат Мирзиёев бошлаб берган янгиланиш даврини кўряпман ва бу даврлар орасида фарқларни кузатишга уриняпман. Мен сиз ўқувчига бугун ўз маҳаллам ҳаёти мисолида даврлар алмашиши қишлоқ ҳаётини ва қишлоқ хўжалигини қай тарза ўзгартиргани ҳақида айтиб бермоқчиман.

Собиқ СССР

Хусусий мулкчиликка тиш-тирноғи билан қарши турган СССР тузуми, табиийки, қишлоқ хўжалигини ҳам ўз қолипига солган эди — ҳаммаси давлат томонидан белгиланадиган режага мувофиқ юритилар, «бизга бунча картошка керак, бунча нон зарур», деб юқоридан белгиланар ва ўша режа бажарилар эди. Аммо ҳатто ўша СССР тузуми устида турганлар ҳам бир пайт келиб қишлоқ хўжалигада хусусий мулкчиликсиз ишлар битмаслигини англаб, хусусий томорқачиликка ўрин беришди. Бунинг натижасида, масалан, бир пайтлар (СССР даврида) маҳалладошларим ҳар йили сал кам ёппасига карам экишар ва «заготконтора»га топшириб, даромад олишар эди. Яна, масалан, СССР пайтидаёқ биз томонларда камдан-кам одам гўштни магазиндан сотиб оларди — қассобхоналарни гўшт билан айнан уйларда (томорқаларда) мол боқувчилар таъминлашар эди. Яъни, хусусий сектор ҳатто СССРнинг оғирини енгил қилиб турган. Аммо асосий улуш давлат измида эди.

Салкам ҳамма нарсаси давлатники, яъни нарсаларининг тайинли эгаси бўлмаган СССРда талон-торожликлар олдини олиш борган сайин қийинлашиб бораверди. Зеро, назоратчи идораларнинг ўзи секин-аста ўғриликка мубтало бўлди. Камчиликларни ошкор қилиш СССР тузумида ўта қийин кечгани боис тузум ўз-ўзини тузата олмади ва... охир-оқибат СССР қулади.

Мустақиллик

1991 йил. Парчаланган «иттифоқ» ачинарли манзарани ҳосил қилган эди — чилпарчин бўлган иқтисодий алоқалар мустақил давлатларни салкам очарчилик ёқасига олиб келиб қўйди. Очарчилик эса оммавий норозиликларга олиб келиши мумкин эди. Шундай пайтда Ўзбекистонни очарчиликдан (оммавий норозиликдан деб айтсак ҳам бўлади) миллионлаб қишлоқ оилаларига томорқа участкалари берилгани қутқариб қолди — миллионлаб қишлоқ одамлари ўзларини томорқаларга уришди, бозорлар маҳсулотга тўлди, минглаб тонна мева-сабзавот (асосан собиқ совет республикаларига) сотилди. Мамлакат қийин аҳволдан чиқиб олди.

Яъники, ерни одамларга эркин фойдаланишга бериш – тўғри, самарали йўл экан. Биз учун муҳим хулоса шу. Аммо, қийин аҳволдан ўтиб олингандан кейин, мазкур хулоса четда қолиб кетди – қишлоқ хўжалигида хусусий мулкчиликни шакллантиришдан воз кечилди. Буни 1921 йилда большевиклар ҳукумати қўллаган усул — НЭП (новая экономическая политика)га қиёсласа бўлади. Иқтисодий тангликдан чиқиб кетиш учун совет ҳокимияти ўшанда аҳолининг моддий манфаатга интилиш омилидан фойдаланган — хусусий мулкчиликка эркинлик берган эди. Тангликдан чиқиб кетиб, ишлар ўнглангандан сўнг эса бундан воз кечилган эди.