Интернетда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида тадбиркор дўконини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосарига бензин қуйиб ёқиб юбормоқчи бўлгани тасвирланган видео тарқалди.

Унда гувоҳлар тилидан «Дўкон эгаси 2 литр баклашкага солинган бензинни олиб чиқди-да, бульдозер устида ўтирган ҳоким ўринбосарининг устига сепиб юборди. Кейин гугурт чақиб, устига отган эди Туймаев ёниб кетди. Одамлар уни бульдозердан тушириб, тепиб-тепиб ўчирди» дейилади.

Kun.uz мухбири мазкур ҳодиса бўлиб ўтган ҳудудга бориб, воқеа гувоҳлари билан суҳбатлашди. Шу маҳаллада яшовчи, воқеани кўзи билан кўрган бир неча киши 20 июлда содир бўлган ушбу воқеа видеоёзувларини тақдим этди. Видеотасвирларда Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевнинг экскаваторда ўтириб тадбиркорларга тегишли биноларни бузаётганини кўриш мумкин. Жумладан, ҳоким ўринбосари тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини буза бошлаганида тадбиркор кескин норозилик билдиради. Унинг норозилиги эътиборсиз қолдирилгач 1 литрли сув идишида экскаватор кабинасига бензин сепиб юборган. Тасвирларда ҳоким ўринбосари М.Туймаев ўтирган кабина ва тадбиркорнинг ўзига тахминан икки сония олов ўрлаганини кўриш мумкин. 

Гувоҳларнинг айтишича, олов ҳоким ўринбосари танасини ҳам бир лаҳза қоплаган. Биз воқеага янада аниқлик киритиш мақсадида Яккабоғ туман марказий шифохонасида бўлдик. Шифохона қабул бўлимида 20 июль куни соат 20:25 да ҳоким ўринбосари М.Туймаев юз, иккала кафт куйиши ташхиси билан, шифохонага ўзи келгани қайд этилган. Ходимлар М.Туймаевнинг айни вақтда шифохона реабилитация бўлимида даволанаётганини маълум қилишди. Аммо бу вақтда соат тунги 00:55 бўлгани, Мансур Туймаевнинг ухлаётгани боис кўришолмадик. Бироқ, туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари, эрталаб ҳоким ўринбосари Тошкентга кетганини маълум қилди, аслида у шифохонада экани суриштирувларимиз асносида ойдинлашди.

Айни вақтда видеотасвир орқали тадбиркор Баҳриддин Исомов ҳам куйиш тан жароҳати олганини билганимиз сабабли тадбиркор билан кўришишни ният қилдик. Маҳалла вакиллари тадбиркорни ички ишлар ходимлари олиб кетишганини маълум қилишгач, туман ИИБга бордик. Ички ишлар бўлими навбатчиси бино таъмирланаётгани сабабли тадбиркорнинг бу ерда эмаслиги, айнан қайси туман ИИБда сақланаётганини билмаслигини маълум қилди. Тадбиркорнинг ўғиллари эса отасига 21 июль куни соат тунги 00:00 атрофидагина тиббий хизмат кўрсатилганини айтмоқда.