ЎФА президенти Абдусалом Азизов ассоциация раҳбарияти, бошқарма ва бўлимлар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди. Унда Ўзбекистон футболидаги мавжуд муаммолар ҳамда ташкилотнинг яқин келажакдаги режалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда ЎФА расмий сайти.

Дастлаб вилоят футбол ассоциацияларининг бугунги фаолияти кўриб чиқилди. Бу тизимдаги муаммоларни бартараф этиш чоралари, ассоциацияларни моддий қўллаб-қувватлаш, кадрлар малакасини кўриб чиқиш, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамжиҳатликда вилоятларда футболни ривожлантириш борасида кўрсатмалар берилди.

ЎФА раҳбарининг асосий талабларидан бири футболдаги адолат ва ҳалол ўйин принципларига тўлиқ риоя қилишни таъминлаш. Келишилган ўйинлар ҳамда тотализаторга қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда, бу нопок йўл билан футболимизни орқага тортаётганлар, мухлисларнинг қизиқишини сўндираётганлар аниқланади ва тегишли жазога тортилади.

Яқин муддат ичида Ўзбекистон миллий терма жамоаси, олимпия ва ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз саралаш турнирларига киришадилар. ЎФА президенти терма жамоаларимизнинг иш режалари билан яқиндан танишди.

Шу аснода миллий терма жамоамизнинг яқин вақт ичида ўтказадиган ўйинлари учун “Миллий” стадион майдони ҳали талаб даражасида эмаслиги эътироф этилди. Йил охиригача стадион чимини тартибга келтириш вазифаси қўйилди. Унга қадар терма жамоалар бошқа стадионларда ҳам учрашувлар ўтказиши таклифи берилди.

Ўзбек футболининг мавқейини халқаро майдонда мустаҳкамлашда ФИФА ва ОФК билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ушбу ташкилотларнинг, қолаверса, мухлисларнинг ишончини қайтариш жуда муҳим экани ҳам алоҳида таъкидланди. Абдусалом Азизов халқаро ҳамкорлар билан муносабатлар ва келажакдаги ўзаро лойиҳаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаши ҳақида айтиб ўтди.

Шунингдек, ЎФА президенти томонидан болалар футболидаги аҳволни яхшилаш, улар учун мунтазам турнирлар ташкил этиш кераклиги таъкидланди. Ўсмир ва ёшларнинг катта футболга ўтиш жараёнидаги муаммолар, уларнинг профессионал футболчи сифатида шаклланиши, миллий терма жамоага муносиб футболчи бўлиб етишиши бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш кераклиги айтиб ўтилди. Бу борада қитъамизнинг футболи жадал ривожланаётган мамлакатлари, хусусан, Япония, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари тажрибалари яқиндан ўрганиб чиқилади ва мутахассисларнинг тажриба алмашинуви йўлга қўйилади.