Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим омилдир. Ушбу соҳа вакилларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш мақсадида охирги икки ярим йилда Президентнинг элликдан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб хизматлар тартиб-қоидалари соддалаштирилди. Бу борада қулайлик яратиш учун Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) лавозими жорий қилинди.
Барча ҳудудларда тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиб, ҳал этишга кўмаклашадиган Бош вазир қабулхоналари ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолияти йўлга қўйилиб, унга 200 миллиард сўм ва 50 миллион доллар маблағ ажратилди.
Тижорат банклари томонидан тадбиркорларга ажратилаётган кредитлар ҳажми ошди.
Бундай амалий чоралар ўз натижасини бермоқда. Кичик бизнес мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 60 фоизини, саноат маҳсулотлари ҳажмининг учдан бирини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 98 фоизини, инвестицияларнинг ярмини таъминламоқда. Кўпгина вилоятларда экспортнинг 70-90 фоизи айнан кичик бизнесга тўғри келади.
Жорий йилнинг 6 ойида тадбиркорлик субъектлари сони 60 мингтага ортган.
Йиғилишда ушбу кўрсаткичлар ислоҳотларнинг дастлабки натижалари экани таъкидланиб, асосий эътибор ҳанузгача учраётган муаммоларни ҳал этишга қаратилди.
Давлатимиз раҳбари вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари мутлақо янгича ишлаб, 70 фоиз вақтини ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга сарфлаши кераклигини таъкидлади.
Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари фаолиятига янги ташкил этилган ёки фаолияти қайта тикланган кичик корхоналар ва уларда яратилган иш ўринлари сонидан келиб чиққан ҳолда баҳо бериб, рағбатлантириш бўйича янги тизим жорий этиш вазифаси қўйилди.
Баҳо беришда корхоналарнинг яшовчанлик кўрсаткичи асосий мезонлардан бири бўлиши кераклиги белгиланди. Яъни, ташкил этилаётган корхоналарнинг камида 50 фоизи кейинги 3 йил давомида ишласа, ҳоким ва унинг тадбиркорлик бўйича биринчи ўринбосари, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлимлари раҳбарларини қўшимча моддий рағбатлантириш назарда тутилмоқда.















