Ўзбекистон | 17:49 / 25.07.2019
51688
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кафелар тунги вақтда ишлаши учун қўйиладиган талаблар маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан, Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида жорий этилган жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича “Хавфсиз пойтахт” концепцияси доирасида куну тун уч сменали патруль режими республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этилганлиги;

Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Жамоат жойларида видеокузатув тизимини қўллаш ва фойдаланиш методикаси тасдиқланганлиги;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларига ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат тартибини сақлаш кучларининг уч сменали режимдаги патрулини таъминлаш орқали сайёҳлар учун дам олишни ташкил этиш дастурларини тасдиқлаган ҳолда Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва сайёҳлар ташриф буюрадиган бошқа жойларда савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари фаолияти тунги вақтда чекланишига йўл қўйилмайдиган зоналарни аниқлаш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2019 йил 15 октябрдан бошлаб жамоат хавфсизлиги бўйича умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда қуйидаги талабларни белгилаган ҳолда уларнинг 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритишини таъминлаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди:

“Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларнинг ички қисмига, шу жумладан, хизмат кўрсатиш хоналари, кириш ва чиқиш жойларига тасвирни камида ўттиз кун давомида сақлаш имконини берувчи видеокузатув тизимини ўрнатиш;

  • биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва уларга тегишли бошқа ҳудудларни етарли даражада (камида 10 метр масофада) ёритиш;
  • бинода шовқиннинг рухсат этиладиган шовқин меъёрларига қўйиладиган санитария қоидалари ва нормаларидан ошмаслигини таъминлаш, шу жумладан, объектларни тўлиқ товуш ўтказмайдиган этиб жиҳозлаш ёки тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоб-ускуналаридан фойдаланмаслик;
  • ёнғин ўчириш воситалари ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар тўплами солинган тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш;
  • бинонинг барча учун кўринарли жойларига ёнғин ва бошқа фавқулодда (тезкор) вазиятлар юз берган тақдирда ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш чизмаси ҳамда тезкор ва қутқарув хизматларининг телефон рақамлари кўрсатилган маълумотларни ўрнатиш.

Ушбу қарорнинг 2-бандида белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда тунги вақтда фаолият юритиш тақиқланиши ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилди. 

Шунингдек, ушбу қарорнинг 2-бандида белгиланган талабларга риоя этган ҳолда тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларнинг қонуний фаолиятига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аралашиш тақиқланади.

Ҳужжатда белгиланишича, тунги вақтда фаолият юритаётган умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар томонидан мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган талаблар бузилса ёки уларнинг тунги фаолияти юзасидан жамоатчилик томонидан мунтазам равишда эътирозлар билдирилса, уларнинг тунги вақтда фаолият юритиш ҳуқуқи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бекор қилиниши мумкин.

Мавзуга оид