Ўзбекистон | 15:33 / 26.07.2019
36900
3 дақиқада ўқилади

ДТМ раҳбари: «Бу йилги тест имтиҳонларида ўринга-ўрин кириш ҳолатлари бўлмайди»

Бир неча кунлардан кейин Ўзбекистондаги Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланади. Хўш, бу йилги тест имтиҳонларининг шаффофлиги қай даражада, қандай ишлар амалга оширилди, шунингдек, абитуриентлар учун қулайлик ва янги имкониятлар нималарда акс этади? 

Kun.uz шу ва бошқа саволларга батафсил жавоб олиш мақсадида Давлат тест маркази раҳбари Мажид Каримов билан суҳбат ташкил қилди. 

Суҳбат давомида 2018 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетига кириш имтиҳонлари жараёнида ўринга-ўрин кириш ҳолатлари кузатилгани, мазкур ҳолатларнинг олдини олиш борасида 2019 йил юзни текшириш технологиялари қай даража такомиллаштирилгани ҳақида сўз борди.

«Тан олиш керак, ўтган йил ҳақиқатан ҳам шундай ҳолатлар кузатилди. Бу ерда юзни текшириш воситаси умумий база билан тўлиқ боғланмаганлиги ёки бўлмаса аввалги маҳаллий база билан ишланганлиги боис камчиликлар кузатилди. Ушбу технологияда юзни таниш аниқлиги 85 фоизгача бўлиши керак эди, аммо бу таъминланмади. 

Бу йил аниқликни таъминлаш учун юз тузилиши бўйича барча маълумотлар Ички ишлар вазирлиги персоналлаштириш марказининг биометрик параметрлари томонидан база тўлиқ олинди. Ҳозирги индефикациялаш жараёни тўлиқ шу база ёрдамида амалга оширилмоқда. Бу жараёнда юз тузилишини аниқлаш жуда тез амалга оширилади. Аммо бу технологияни ҳам умуман камчиликсиз деб бўлмайди. Чунки жуда ўхшаш юз қиёфалар ҳам учрайди. 

Бу жараёнда муаммоли вазият бўладиган бўлса, иккинчи индефикациялаш жараёни сифатида бармоқ изларини текшириш усули жорий этилди. Демак бу йил қандайдир шубҳали вазият юзага келса абитуриент иккита назорат текширувидан ўтказилади», дейди Мажид Каримов.

Ҳақли савол туғилади: бу йилги тест жараёнларида ўринга-ўрин кириш ҳолати кузатилмаслиги тўла кафолатланадими?

«Албатта, бу йил шундай чоралар кўрилдики, икки каррали индефикациялаш жараёни бўлади. Биз ўтган йилги каби ҳолатлар кузатилмаслигига тўла кафолат берамиз», деди Давлат тест маркази раҳбари Мажид Каримов.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид