Ўзбекистон | 02:34 / 28.07.2019
22778
3 дақиқада ўқилади

Адлия вазири: Бузилаётган уй-жой билан шу ерда яшаган инсон хотиралари ҳам ўчирилади

Фото: KUN.UZ

Бузилаётган уй-жойлар билан бирга, ўша ерда яшаган инсонларнинг уйи билан боғлиқ не-не хотиралари ўчирилади. Адлия вазири Русланбек Давлетов, вазирлик ходимлари иштирокида бўлиб ўтган коллегиал йиғилишда шундай фикрни билдирар экан, ходимларни уйлари бузилаётганлар ўрнида тасаввур қилиб кўришга чақирди.  

«Ҳамма шаҳарлар янгидан қурилади, эскиси бузилади, ободонлашади, бу табиий жараён барча жамиятларга хос бўлган ҳолат. Лекин, XXI асрда яшаётган цивилизацион жамият сифатида барча ҳаракатлар учун ҚОНУН энг асосий мезон бўлиши керак, одамлар ҳуқуқларини поймол қилиш эвазига, қонунни бузиш эвазига ҳеч қандай қурилиш ёки ободонлаштириш бўлиши мумкин эмас», - деган адлия вазири. 

Унинг айтишича, уй бузилишларидаги қонунбузарликларнинг олдини олиш ва барҳам бериш адлия ходимларининг биринчи галдаги вазифаси бўлиши керак. Вазирга кўра, уй-жой бузилиши билан инсонларнинг бир неча ўн йиллик, ҳатто болалик хотиралари ўчиб кетади. 

«Уй-бузилиши қандай оғир масала эканини ҳар бир ходим юрагидан ўтказиши керак, яъни ўзларингизни шу инсонлар ва фарзандларининг ўрнига қўйиб кўринглар, бошқа ҳеч нарса керак эмас. Ва яна битта жиҳатни эътиборга олинглар, гап фақат моддий бойлик бўлмиш иморатда эмас. 

Уй-жойни бузиш билан инсонларнинг шу уй билан боғлиқ хотиралари ҳам ўчирилади. Туғилиб ўсган жой, ёшликда ўйнаб кулиб юрган ҳовли, болаликдаги хотиралар, керак бўлса ҳар бир хонадоннинг ҳиди инсон учун қадрли, кўп уйлар авлоддан авлодга ўтиб келяпти, бу юксак маънавий бойлик ва инсон ҳаётидаги ажралмас хотиралардир», - дея таъкидлаган Русланбек Давлетов.

Амалиётдаги муаммолардан, билдирилган фикр мулоҳазалардан келиб чиқиб Адлия вазири адлия органлари ходимлари олдида турган муҳим вазифалар алоҳида тўхталиб, қуйидагиларни билдирди:

– барча маҳаллий ҳокимликларни фуқароларни уй-жой билан боғлиқ қонуний ҳуқуқларини поймол этишларга чек қўйишларини талаб қиламиз;
– бутун адлия тизими раҳбарлари, мутасаддилари ва ходимларини ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, уй-жойлар бузилиши жараёнида Ўзбекистон қонунларига амал қилиш юзасидан чоралар кўришларига чақираман.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид