Kun.uz ўзбек адабиёти масалаларига бағишланган туркум суҳбатлар лойиҳасини давом эттиради. Дастуримизнинг навбатдаги меҳмони истеъдодли шоир, моҳир таржимон ҳамда ислом ва тасаввуф таълимоти олими Мирзо Кенжабек бўлди.

Суҳбат давомида Мирзо Кенжабек ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳаракатлари, қийинчиликлари ва бу жараёндаги асосий воқеалар ҳақида сўз юритди.

«Эслайман, аммо кўп ўкинч билан эслайман. Нима учун қувонч билан эмас, дея савол беришингиз мумкин. Ўша пайтда ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш бўйича комиссия тузилди. Бу комиссияга атоқли олим Эркин Юсупов бошчилик қилди. Комиссия аъзолари орасида фидойи олим Бахтиёр Назаров ва Акмал Саидов ҳам иштирок  этишди. Жараёнлар шундай эдики, биз ҳар битта моддани ўқирдик, қўшимчалар қўшардик, Бахтиёр Назаров эса ёзиб борардилар. Моддалар ҳамма аъзолар рози бўлсагина тасдиқдан ўтар эди. 

Ўша жараёнларда бир муаммо келиб чиқди - рус тилига қандай мақом берамиз? Рус тилини миллатлараро алоқа тили деймизми ёки бошқа баъзи давлатлар каби давлатлараро алоқа тили деймизми? Учинчи бир қараш ҳам бор эдики, бу - Украина, Эстония каби давлатлар ўзларига қонун қилиб олганидай бошқа ҳамма тиллар каби рус тилининг ҳам ривожига, равнақига ва яшашига шарт-шароитлар яратилади, деган сўз билан кифояланамизми?

Мана шу масалага келганда ниҳоятда катта баҳс бўлди. 1989 йилнинг октябрь ойининг тахминан бошларида мени Ўзбекистон компартиясининг ўша вақтдаги биринчи котиби Ислом Каримов ўз ҳузурига чақирди. Чунки рус тилининг миллатлараро тил бўлиб қолишига биргина мен қарши бўлиб қолган эдим. Аслида, бунга қалби билан ҳеч ким ҳам рози эмас эди, бироқ бу ерда сиёсат бор, тушунча бор, у ерда ҳали мустамлака даврининг тазйиқлари бор эди. Албатта, комиссия аъзолари ичида бунга эътиборсиз, лоқайд кишилар ҳам бор эди, лекин миллатининг ривожи, тили учун жон куйдиргувчи инсонлар ҳам йўқ эмасди. Улар жон-жаҳди билан тилимиз учун курашишди. Мен бу инсонларнинг номларини юқорида айтиб ўтдим. 

Ислом Каримовнинг қабулига кирганимда, у кишининг суҳбат столи устида давлат тили мақомини қабул қилган мамлакатларнинг давлат тили ҳақидаги қонунлари териб қўйилганди. У киши айтдиларки, Мирзо мана шулар орасида рус тилини миллатлараро алоқа тили демаган битта қонунни топиб беринг, мен шуни қиламан. 

Шу ўринда бир гапни айтай: даврлар келади, бир-биримиздан нуқсон излаймиз, фазилат излаймиз, Ислом Каримовнинг баъзи сўзларида мард шахс эканлигига шахсан гувоҳ бўлганман. Буни ошкор айтишимиз керак.  Ҳамма камчиликни фақат бир кишига боғлайвермасдан ўзимизнинг камчиликларимизни ҳам эътироф этишимиз лозим.