«Осиё тўрт йўлбарси» дан бири — Жанубий Корея кунчиқар мамлакат билан савдо уруши кўчасига кириб бормоқда. Япония ва Жанубий Корея АҚШнинг минтақадаги яқин ҳамкорлари, анти-Хитой сиёсатида етакчи давлатлар ҳисобланса-да, улар ўзаро ҳисобни жойига қўймоқчи.

Экспортга тақиқ қўйилди

Япония Бош вазири Синдзо Абэ 3 турдаги кимёвий компонентларни Жанубий Кореяга экспорт қилинишига чеклов қўйди. Чеклов расман 4 август куни кучга киради. Бундан ташқари, Жанубий Корея японларнинг юқори технологик ишланмаларини тўғридан-тўғри импорт қилиш ҳуқуқини берувчи рўйхатдан чиқариб ташланди.

Буларнинг барчасига Япония ҳукумат шубҳаси, яъни корейслар иккиламчи товар сифатида япон юқори технологик ишланмаларини Хитойга сотаётгани сабаб бўлди. Кузатувлар бошқа картинани ҳам тақдим этади, аслида Абэнинг қарори ўзаро ҳисоб-китобга оид бўлиши мумкин.

Гап шундаки, Жанубий Корея суди ўтган йили ноябрда японларнинг Nihon Steel, Fujikoshi Coporation Mitsui ва Havy Industries каби йирик компанияларда Иккинчи жаҳон уруши даври корейслар меҳнатга мажбурлаганини инобатга олиб, Жанубий Корея халқига компенсация тўланиши зарурлигини ҳукмда билдирганди. Суд япон компанияларининг Кореядаги активларини гаров сифатида музлатиб қўйганди. Айни пайтда 3та компания активлари сотувга чиқарилиши олдидан Япония ҳукумати шундай кескин чоралар кўрмоқда.

Япония расмий позициясига кўра, 1965 йили Жанубий Кореяга уруш даврида етказилган зиённи қоплаш учун 500 миллион доллар товон тўлаган, аммо пуллар мамлакат иқтисодиёти ва инфратузилмага йўналтирилди. Компенсация талаб қилаётган аҳоли эса пулни Корея ҳукуматидан талаб қилиши керак. Масалани ҳал этиш учун халқаро арбитраж комиссияси тузилиши таклиф этилган, аммо Корея томони буни рад этади. Эндиликда Япония савдо уруши орқали ҳисоб-китобни ўрнига қўймоқчи.