19 сентябр куни Япониянинг Нагоя шаҳрида ХХ ёзги Осиё ўйинлари расман очилди. Кейинги 16 кун давомида, яъни 4 октябрга қадар 11 мингга яқин спортчи 43 та спорт тури бўйича 469 та медал жамланмаси учун кураш олиб боради. Япония учун бу Токио (1958) ва Хиросимадан (1994) кейин учинчи Осиё ўйинларидир. Мамлакат уни охирги марта қабул қилганига 32 йил бўлди.
Очилиш маросими
Маросим Mizuho Park (Paloma Mizuho) стадионида бўлиб ўтди ва тахминан икки соат давом этди. Reuters агентлигининг ёзишича, дастлабки дақиқалар вазмин кечган, кейин эса шоу ёруғлик, мусиқа ва рақс байрамига айланди. Беш йил олдин Токио Олимпиадаси пандемия туфайли бўш трибуналарда ўтказилган бўлса, энди стадион томошабинлар билан тўлди.
Ўйинларни император Нарухито очиқ деб эълон қилди. У ХОҚ президенти Кирсти Ковентри билан бирга 45 та мамлакат ва минтақа парадини томоша қилди.

Томоша мавзуси «Heartbeat» («Юрак уриши») деб номланди. Қизил ва оқ костюм кийган артистлар «Welcome» (Хуш келибсиз) сўзини ҳосил қилишди, скрипкачи Таро Хакасе эса жонли ижро этди.

Кулминацион нуқта машъалани ёқиш бўлди: унинг олдига зинапоядан Осиё ўйинларининг беш карра ғолиби, собиқ босқон улоқтирувчи Сигенобу Мурофуси ва унинг ўғли, 2004 йилги Олимпия чемпиони Кожи кўтарилди. Бунгача олов эстафетаси Аичи префектурасининг 40 та муниципалитети ва Нагоянинг 16 та туманидан ўтган эди.

Осиё ўйинларига тайёргарлик қийин ўтди
Тайёргарлик танқидларсиз ўтмади. Алоҳида олимпия қишлоғи ўрнига спортчилар меҳмонхоналарга, вақтинчалик ёғоч контейнерларга ва кўрфаздаги круиз кемасига жойлаштирилди. Ташкилотчилар буни тежамкорлик билан изоҳлади. Делегациялар, жумладан, Япония делегацияси ҳам чалкашликлар ва икки марта брон қилиш ҳолатларидан шикоят қилди. Жанубий Корея терма жамоаси Garden Pier портидаги контейнерларни баскетболчилар учун жуда тор деб атади. Алоҳида нохушлик 8 сентябр куни содир бўлди: рекорд даражадаги жала шаҳарнинг бир қисмини сув остида қолдирди ва бир неча юз спортчи вақтинчалик бинолардан эвакуация қилинди. Маълумотларга кўра, жиддий талофатлар бўлмаган.



















