«Андижон давлат университетининг архив мудири Г.М. фуқаро З.Н.га унинг ўзини ҳамда танишлари Д.М. ва М.Ю.ни мазкур университетнинг «Тасвирий санъат» йўналиши бўйича «сиртқи» бўлимига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига у ҳар бир киши учун 4 минг АҚШ долларидан талаб қилиб, жами 12 минг АҚШ долларини ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Г.М.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар, юқоридаги каби турли ноқонуний йўллар билан ўқишга киритишга ваъда бериб, тамагирлик қилаётган фуқаролар ёки мансабдор шахсларга дуч келсангиз, Бош прокуратуранинг қисқа рақамли 10-07 ёки Департаментнинг 71-233-10-07 рақамли туну-кун ишловчи ишонч телефонларига мурожаат этишингизни сўраймиз!», - дейилади хабар сўнггида.

Бундан аввалроқ Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киритиб қўйиш учун 25 000 доллар олган шифокор қўлга олингани хабар қилинганди.