15:37 / 01.08.2019
21414

Жамшид Қўчқоров нега электр энергияси истеъмолида базавий норма камайтирилаётганини айтди

Фото: KUN.UZ

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ўзбекэнерго" АЖ мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров электр энергияси истеъмоли бўйича базавий норма нега камайтирилаётганини изоҳлаган.

“Электр энергияда 20 фоиз, газда 8-30 фоизгача йўқотиш кузатиляпти. Ўртача оила томонидан 80-120 кВт/соат электр энергияси сарфланади. Шу сабабдан, 300 кВт/соатлик ижтимоий норма миқдори камайтирилмоқда. Электр энергияси истеъмоли бўйича базавий норма 250 кВт/соат бўлади”, - деди Жамшид Қўчқоров.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларига нарх ва тарифларни босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан Тошкент шаҳри Юнусобод туманида эксперимент тариқасида электр энергияси истеъмолига базавий норма жорий қилинди.

Ўшанда электр энергияси истеъмолининг базавий нормаси бир абонент учун ойига 300 кВт/соатни ташкил этди. Шу билан бирга, аҳоли кўрсатилган базавий норма доирасида белгиланган тариф бўйича, базавий нормадан кўп бўлганда эса - ўрнатилган тарифга 1,2 баравардан ортиқ бўлмаган оширилувчи коэффициент қўлланган ҳолда тўловни амалга ошириши лозим эди.

Энди электр энергияси истеъмоли базавий нормаси 250 кВт/соатни ташкил этади. Бундан ташқари, аҳоли базавий нормадан ортиқ электр энергияси учун белгиланган тарифга 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оширилувчи коэффициент қўлланган ҳолда тўлов амалга оширади.

Top