Ўзбекистон | 15:48 / 01.08.2019
16046
3 дақиқада ўқилади

Лукашенко: «Беларусь ва Ўзбекистон ўзаро муносабатларни тўлиқ янгилашга муваффақ бўлди»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни эрталаб Минск шаҳридаги Мустақиллик саройига келди.

Бу ерда олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко тор доирада музокара ўтказди. 

Беларусь Президенти Ўзбекистон раҳбарини мазкур ташриф билан қутлаб, ушбу воқеа муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

- Охирги икки йилда Сиз билан биргаликда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни бутунлай ўзгартириб юбордик, моҳиятан, уларни янгидан йўлга қўйдик. Шу вақт ичида амалга оширган ишларимиз ўтган 25 йил давомида қилинганидан ҳам ортиқ бўлди. Давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳозирги кун талабларига жавоб бермайди (2018 йил учун қарийб 160 миллион доллар - таҳр.), уни изчил ошириб бориш лозим. Сизнинг ҳудудларни ҳамкорлик билан ўзаро боғлаш борасидаги ташаббусингиз – ушбу ташрифнинг ўзига хос жиҳати. Ҳудудлар раҳбарларининг ўзаро ташрифлари бўлиб ўтди, кўргазмалар ва маданият кунлари ташкил этилди. Буларнинг барчаси Беларусга ташрифингиз аҳамиятини янада оширади. Энг асосийси, маҳаллий маъмуриятлар бошлиқлари ҳамкорликка доир кўплаб шартномалар имзолади. Бизнинг ишимиз – йўлни очиб бериш, ва биз бунинг уддасидан чиқдик, – деди Александр Лукашенко.

Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, таклиф ва кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Беларусь билан шериклик муносабатларини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратишини қайд этди. 

- Сизнинг Ўзбекистонга амалга оширган тарихий ташрифингиздан, музокараларимиздан сўнг мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда янги ва аниқ мазмун билан бойиди, ва бу ўз меваларини бермоқда. Давлатларимиз ҳудудлари ўртасида сермаҳсул алоқалар йўлга қўйилгани бунга ёрқин мисолдир. Биз ўзаро алмашинувлар учун яхши пойдевор яратдик. Барча даражаларда ҳамкорлик қилишга истак бор. Бугун биз эришилган натижаларни таҳлил қилишимиз, шунингдек, истиқболда муваффақиятли ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган ўсиш нуқталарини биргаликда белгилаб олишимиз муҳим, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ва Беларусь муносабатлари кейинги йилларда анча жонланди. Давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқоти бунга муҳим асос бўлди. Тошкентда ва турли халқаро саммитлар доирасида ўтказилган олий даражадаги учрашувларда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинган эди.

Мазкур ташриф икки томонлама алоқалар тарихида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беларусь Республикасига илк расмий ташрифи экани алоҳида таъкидланди. 

Музокараларда ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 

Давлат раҳбарлари учинчи мамлакатлар бозорларини ўзлаштириш мақсадида кооперацияни кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, беларуслик шериклар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон билан Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳамкорлигидаги истиқболлар кўриб чиқилди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мавзуга оид