Бугун, 1 август куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси «Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишнинг янги тизими: халқаро ҳамкорлик, устувор вазифалар ва муаммолар таҳлили» мавзусида бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон ижроси, шунингдек, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг вазифа ва мақсадлари муҳокама қилинди.

Сессияда иштирок этган Олий Мажлис Сенат Раиси Танзила Норбоева мавзу юзасидан фикр билдирди.
«Шу кунгача жамоатчилик нуқтаи назаридан ҳам комиссиялар, мувофиқлаштирувчи кенгашлар, Ички ишлар вазирлиги қошида Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси бор эди. Халқаро ҳамжамият, хусусан, халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШнинг меҳнат бўйича департаменти ва вазирлиги билан бирга мазкур муаммоларни кўриб чиққанимизда, одамларимиз иш қидириб бошқа давлатларга борганда билиб-билмасдан, ҳуқуқини танимасдан ёки алдовларга учиб, одам савдоси қурбонига айланиб қолаётганини билдик.
Бу икки масала бир-бирига ўзаро узвий боғлиқ. Яқинда Олий Мажлис Сенатида 29-Халқаро меҳнат ташкилотининг «Мажбурий меҳнат тўғрисида»ги конвенциясига қўшилдик. Бу айнан мажбурий меҳнат орқали одам савдосига тушиб қолиш ҳолатига қаратилган. Шу боис, янги тузилган Миллий комиссияга жуда ҳам катта ваколатли вазифа берилди. Ўзбекистонда биринчи марта одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши «Миллий маърузачи» деган институт жорий қилинди. Яъни, Миллий комиссия раиси бир пайтнинг ўзида «Миллий маърузачи» ҳам бўлади.
Аҳамиятли томони авваллари президентга миллий даражадаги ҳолатлар ёки бутун дунёдаги вазият тўғрисида ахборотлар киритилмас эди. Давлатимиз раҳбарининг мана шу фармони билан «Миллий маърузачи» нафақат халқаро ташкилотлар билан иш олиб бориб, бу ишлар ҳақида халқаро ҳамжамиятни кенг воқиф қилади, балки Ўзбекистон Республикаси президентига йилда камида бир марта Ўзбекистон ва халқаро миқёсдаги вазият юзасидан ахборот беради. Шунингдек, жиноятчилар қўлга олиниши масалалари, бу бўйича чора-тадбирлар натижадорлиги ва яна нима қилишимиз кераклиги тўғрисидаги таклифларни ҳам давлат раҳбарига киритиб боради», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.















