Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 июлдаги фармойиши билан 2019 йилда жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича манзилли дастури тасдиқланди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, мазкур қарорга кўра жорий йилда 51та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Уларнинг 25таси янги спорт иншооти сифатида қад кўтаради, 21та мавжуд спорт мажмуасида реконструкция ва 5та мажмуада капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Мазкур дастур президентнинг ҳудудларга қилган ташрифи давомида спорт иншоотларини халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда ва мамлакатимиз табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олиб бунёд этиш бўйича берган кўрсатмаларига асосан шакллантирилди. Хусусан, давлат раҳбари томонидан энергия тежамкор, енгил конструкцияли, сендвич панелли кичик спорт заллари қуриш вазифаси топширилган эди.

Жорий йилда илк марта Жиззах вилоятининг Фориш, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Тошкент вилоятининг Бўка, Тошкент шаҳрининг Учтепа ва Мирзо Улуғбек туманларида енгил конструкцияли сендвич паннеллари асосида янги спорт иншоотлари қурилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Наманган вилоятининг Чортоқ туманларида янги ёпиқ турдаги сузиш ҳавзалари бунёд этилади. Навоий вилоятининг Хатирчи, Тошкент вилоятининг Бўка туманлари ҳамда Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳридаги бассейнлар капитал таъмирланади.

Шу куни 2020-2024 йилларда республикада болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, умумтаълим мактабларида спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори ҳам тасдиқланди.
Ушбу қарорга кўра, 2020-2022 йилларда республика бўйича:
болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида жами 178та (2020 йил 46та, 2021 йил 52та ва 2022 йил 80та) спорт объекти қурилади, реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади. Бунинг учун 1 148 700 миллион сўм маблағ ажратилади;














