Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 2019 йил 31 июль – 1 август кунлари расмий ташриф билан Беларусь Республикасида бўлди. ТИВ президентларнинг қўшма баёноти матнини эълон қилди.
Қуйида у тўлиқ ҳолда келтирилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси тенг ҳуқуқли ва суверен давлатлар сифатида узоқ муддатли шериклик, ўзаро фойда ва бир-бирларининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириб борадилар.
2. Томонлар ўзаро ҳурмат ва ишонч анъаналари, халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстликка асосланган ўзбек-белорус алоқалари даражасини янада оширишга ҳар томонлама кўмаклашадилар.
3. Томонлар икки томонлама муносабатларнинг муҳим жиҳатлари, ўзаро манфаат касб этадиган долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан мунтазам фикр алмашган ва ўз позицияларини келишган ҳолда мунтазам учрашувлар, энг аввало, олий ва юқори даражадаги учрашувлар механизмидан фойдаланиш ҳамда уни такомиллаштиришда давом этадилар.
4. Томонлар 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш соҳасида Кун тартибини амалга ошириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида халқаро шерикликни мустаҳкамлаш учун икки томонлама, минтақавий ва глобал форматларда ҳамкорликни давом эттирадилар.
5. Томонлар халқаро майдонларда инсон ҳуқуқларини илгари суриш масалаларида ҳамкорликни давом эттирадилар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда бошқа универсал ва минтақавий халқаро ташкилотлар доирасида ташаббус ва номзодларни ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиёти мустаҳкамланади.
6. Томонлар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида уларнинг фаолиятини такомиллаштириш ва кўп томонлама муносабатларни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширадилар.
7. Томонлар белорус томонининг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилдилар.
8. Томонлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Беларусь Республикаси Миллий кенгаши ўртасидаги фаол мулоқотни олқишлайдилар ҳамда давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми сифатида парламентлараро ҳамкорликнинг янада ривожланиши ва чуқурлашишига ишонч билдирадилар.
9. Томонлар икки мамлакатни янада барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият берадилар.
10. Томонлар ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим механизм ҳисобланадиган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг сермаҳсул фаолиятини қайд этиб, унинг ишига тизимли тус беришга келишиб олдилар.















