Шу йилнинг февраль ойида Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти Урганч тумани Ғалаба маҳалласининг Амударё кўчасида яшовчи аҳоли ижтимоий муаммолар ечимсиз қолаётганидан шикоят қилишган эди.

Мурожаатда маҳалла йўлларининг жуда ёмонлиги, электр энергияси таъминотидаги тез-тез узилишлар, электр симёғочларининг йўқлиги, ичимлик суви тармоғидаги муаммолар, маиший чиқиндиларнинг тўпланиб қолаётгани каби муаммолар қайд этилганди.

Мурожаат асосида маҳаллага бориб, вазиятни ўргандик, аҳоли билан суҳбатлашиб, шикоятнинг ўринли эканини аниқладик. Бу ҳақда «Ҳаёт йўқ маҳалла!» - Урганч туманидаги «дунёдан узилган» маҳалла муаммолари номли ва «Ҳаёт йўқ маҳалла 2» - Урганч туманидаги «дунёдан узилган» маҳалла муаммолари ҳал бўлмади» номли мақолаларни эълон қилдик. Бу билан Урганч тумани ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг Амударё кўчаси аҳолисининг шикоятига эътибор қаратиши, муаммоларни бартараф қилишда ёрдам беришини кутган эдик.

Мақолада маҳалла кўчаларида электр энергияси симёғочлари йўқлиги, аҳолининг ўзи қўлбола симёғочларни ясаб, бир амаллаб ўрнатиб олишгани, қаттиқ шамол бўлса, симёғочлар синиб, симлар узилиб, одамларнинг, кўчада юрган болаларнинг устига тушмаслигига, бирор фалокат юз бермаслигига ҳеч ким кафолат беролмаслиги, одамлар шундай хавфли шароитда яшаётгани, бундан ташқари, маҳаллада ўрнатилган трансформатор жуда эскилиги туфайли, ёмғир ёки қор ёғса, ичига сув кириб, 2-3 кунлаб электр энергиясидан узилиб қолиши каби муаммолар ёритилган эди.

Сўнгги танқидий мақола чиққанидан сўнг, «Урганч тумани ҳудудий электр тармоқлари МЧЖ» томонидан камчиликлар, муаммолар бартараф қилинди.

Хусусан, ёғочдан ясалган ва қўлбола усулда ўрнатилган симёғочлар олиб ташланиб, ўрнига замонавийлари ўрнатилди.

Маҳаллага янги трансформатор ўрнатилиб, электр таъминоти тармоғига улаб берилди.

Бундан ташқари аҳолининг уйлари янги, замонавий СИП («Самонесущий изолированный провод») симлари орқали электр тармоғига уланди. Бу симлар ҳаводан эмас, балки уйларнинг фасадидан ўтказилади, электр энергиясидаги йўқотишларни анча камайтиради, шунингдек, тармоққа ноқонуний уланиб олиш имкониятини йўққа чиқаради.