Мактабгача таълим вазирлиги мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш механизмида юзага келган носозликлар бўйича мурожаат билан чиқди. Қайд этилишича, вазирлик юз берган носозлик учун узр сўрайди.
Айни пайтда ушбу носозликни бартараф этиш билан Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин бошчилигидаги ишчи гуруҳи шуғулланмоқда. Мазкур ишлар UZINFOCOM ҳамда Давлат хизматлари марказлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
2019 йилнинг 30 июль куни тизим синов тарзида ишга туширилди ва у кенг қамровли қайта ишлаш ҳаракатларини амалга ошириш кераклигини кўрсатди.
Биринчи муаммо. Ота-оналар томонидан нотўғри тўлдирилган аризалар.
Нотўғри тўлдирилган аризалар сабабли маълумотлар базаси ўзининг ишончлилигини йўқотди. 1,5 млн.та аризадан қарийб 100 мингтаси қўпол хатоликлар билан тўлдирилган.
Масалан:
Ота-она электрон аризани юборишни тўловларни қабул қилиш пункти ёки Интернет-кафе ходимларидан илтимос қилди. Жараённи тезлаштириш мақсадида ходим туғилганлик ҳақида гувоҳнома рақамлари ўрнига шунчаки нолларни (0), пробел (жой қолдириш) ёки ихтиёрий рақамларни киритди. Шундай қилиб, EMIS тизимида ҳар хил исмли лекин туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома рақамлари бир хил бўлган (ноллар (0), пробел (жой қолдириш) ёки ихтиёрий рақамлар) болалар пайдо бўлди ва оқибатда болаларнинг бири йўналиш олаётган пайтида тизим ишдан чиқди.
МТВнинг ҳаракати:
Нотўғри маълумотлар билан навбатга қўйилган болалар ўз жойини йўқотмаслиги учун биз 2018 йилнинг 1 – апрелидан бошлаб келиб тушган барча аризаларни қайта юклаяпмиз ва хатолар таҳрир қилинмоқда. Янги алгоритмлар, туғилганлик ҳақида гувоҳноманинг ноёб рақамларини киритишни талаб қилади ва уларга асосан автоматик тарзда боланинг исми ва бошқа маълумотларни тўлдиради.
Иккинчи муаммо. Тўлиқ маълумотлар базасини юклаш сунъий равишда навбатни узайтириб юборди.
Ҳозирги пайтда эски, қондирилган аризалар мавжудлиги навбатни сунъий равишда узайтириб юборяпти. Мазкур муаммо вақтинчалик характерга эга.
Масалан:
Сиз навбатда 10-ўринда эдингиз лекин тизим 16-ўринни кўрсатяпти. Аслида сизнинг навбатингиздан олдин пайдо бўлиб қолган 5 та ариза ўз долзарблигини йўқотиб бўлган, яъни улар асосида йўлланмалар олиб бўлинган ва болалар аллақачон МТТга қатнаяпти.















