Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида тарбиячи болага нисбатан жисмоний куч ишлатиб, уни ҳақорат қилгани маълум бўлди.
Болалар омбудсмани Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат Оҳангарон шаҳридаги 10-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида содир бўлган. Тарбиячи болани ухламагани учун «урод» дея ҳақорат қилган ва унга нисбатан зўравонлик қилган. Ушбу жараённи тасвирга олиб, танишига юборган.
«Оҳангарон шаҳри 10-сонли ДМТМда тарбиячи Ш.А. тарбияланувчи болага жисмоний куч ишлатгани ҳамда боланинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи муносабатда бўлгани учун 2026 йил 6 апрел куни тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у ишдан бўшатилган», – дейилади Болалар омбудсмани маълумотида.
Шунингдек, омбудсман тарбиячининг мазкур хатти-ҳаракатлари болага нисбатан жисмоний куч ишлатиш ва унинг шаъни ҳамда қадр-қимматини таҳқирлаш ҳисобланишини таъкидлаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Оҳангарон шаҳар ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Бола манфаатлари нуқтайи назаридан иш Болалар омбудсмани назоратига олинган, қўшимча маълумотлар кейинроқ тақдим этилади.











