Мактабгача таълим ташкилотларини 2026-2027 ўқув йилига пухта тайёрлаш, таълим-тарбия жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил этиш ҳамда болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шароитларни яратиш бўйича асосий вазифалар белгиланди.
Янги ўқув йилида «Илк қадам» миллий ўқув дастурининг учинчи нашри таълим-тарбия жараёнига жорий этилади. Шу билан бирга, «Бола, ўйин ва педагог» лойиҳаси асосида ўйинга асосланган таълимни босқичма-босқич йўлга қўйиш режалаштирилган.
Болаларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришда «Қувноқ математика» ҳамда «Билағон болажон» ўқув-методик мажмуаларидан самарали фойдаланиш ҳам устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.
Шунингдек, мактабгача ёшдаги болаларда экологик маданият ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга эътибор кучайтирилади. Боғчаларда болалар учун хавфсиз ва уларнинг ривожланишига хизмат қилувчи таълим муҳитини яратиш кўзда тутилган.
Янги ўқув йилида педагогларнинг касбий компетенцияларини узлуксиз ривожлантириш ҳам муҳим йўналишлардан бири бўлади. Хусусан, тарбиячи ва педагогларнинг замонавий таълим технологиялари, сунъий интеллект ҳамда рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича кўникмаларини такомиллаштириш режалаштирилган.
Белгиланган чора-тадбирлар мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия сифатини ошириш, замонавий ёндашувларни кенгроқ татбиқ этиш ва болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шароит яратишга қаратилган.











