Ўзбекистон | 17:29 / 07.08.2019
47461
3 дақиқада ўқилади

Акмал Саидов мактабларни пулли қилиш Конституцияни бузиш эканини айтди. Нега унда Вазирлар Маҳкамаси бундай қарор чиқарди?

Акмал Саидов / Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирокида “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори ижроси юзасидан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Акмал Саидов болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида турар жой ва фуқаролигидан қатъий назар барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши кафолатланишини таъкидлади.

"Мен бир масалада алоҳида тўхталишни истар эдим: сўнгги вақтда ижтимоий тармоқ ва аҳоли ўртасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган умумтаълим мактабларининг пулли қилиниши ва шу каби масалаларнинг барчаси — асоссиз даъво, — деди Акмал Саидов. — Конституциямизнинг 41-моддасида айнан Ўзбекистонда умумтаълим мактаблар бепул эканлиги кўрсатилган. Асосий Қонунни бузиш, унга қарши ишлаш асло мумкин эмас".

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарорида Тошкентдаги 81та мактабда 1-синфга қабул учун тажриба сифатида пулли қабулни кўзда тутувчи янги тизим жорий қилинган. Танлаб олинган мактабларга қабул асосий ва қўшимча квота асосида ташкил этилади. Қўшимча квота учун ота-она пул тўлаши айтилган.

Қўшимча квота бўйича умумтаълим муассасаларига қабул қилиш учун бир болага нисбатан назарда тутилган ҳолатларнинг ҳар бир банди бўйича ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғимлар ундирилади.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг айтишича, пойтахтнинг 81та мактабида жорий этилаётган янги тартиб Ўзбекистон Конституциясига зид эмас. «Ҳар ким мактабда бепул таълим олиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким, жумладан Тошкент шаҳрида ҳам болалар таълимдан мосуво қилинмайди. Лекин Конституцияда ота-она исталган мактабга фарзандини бериши қайд этилмаган, балки мактаб ишлари давлат назоратида экани белгиланган», деган у.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳам интернет тармоғида тарқалган, мактабга тўлов категориялар асосида амалга оширилиши ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри эмаслигини маълум қилди.

Мавзуга оид