Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш давлат марказини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қуйидагилар қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни синаш тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгиланади:

қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникалар, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг ресурстежамкор замонавий технологиялари синовларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги амалдаги ҳужжатларни халқаро стандартлар талаблари асосида такомиллаштириш;

қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникалар, уларнинг агрегатлари ва қисмлари Ўзбекистон Республикаси тупроқ-иқлим шароитларида самарали қўлланилиши ва уларнинг ишончлилигини текшириш мақсадида барча турдаги (давлат, дастлабки, қабул, даврий, малака, тур, сертификация ва такрорий) синовларни ўтказиш;

уларнинг техник тавсифларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида сертификатлаш ишларини ривожлантириш;

замонавий қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни қўллаган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда ресурстежамкор замонавий ва илғор технологиялар синовларини ўтказилишини босқичма-босқич жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни синаш учун ажратилган синов полигони ер ресурсларидан самарали фойдаланиш;

моддий техника базани мустаҳкамлаш ва синов лабораторияларини замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш;

соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш ҳамда ходимларни моддий рағбатлантиришни яхшилаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

Марказ директори:

а) Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

б) Марказ директорининг ўринбосарлари Марказ директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникалар, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг ресурстежамкор замонавий технологияларини синовлардан ўтказиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги стандартлар, услубий ҳужжатлар ва нормативларни такомиллаштириш;