2019 йилнинг 4 август куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги ташкилот раҳбарлари ва ходимлари 3 август, шанба куни, соат 6:00 да М39 автомобиль йўли бўйлаб бегона ўтлардан тозалаш, гул экиш ва суғориш ишлари учун мажбурий сафарбар этилгани ҳақида хабар тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги баёнот билан чиқди:
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда, Сурхондарё вилоятида ҳам фуқароларни мажбурий жамоат ишларига ноқонуний жалб қилиш ёки ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Вилоятнинг айрим корхона ва ташкилотлари томонидан ўз ишчи-ходимларининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун бўш турган ер майдонларида экин экиб олиш тўғрисида билдирилган ташаббус қўллаб-қувватланиб, М-39 автомобиль йўлининг Термиз шаҳридан ўтувчи қисми ёқаларидан уларга ер майдонлари ажратиб берилганди. Шунга мувофиқ, корхона ва ташкилотлар ходимлари ихтиёрийлик асосида ушбу ҳудудда рўзғорбоп экинлар экиб, ердан унумли фойдаланиб келишмоқда.
Термизнинг айни иссиқ об-ҳаво шароити экинларни тез-тез суғоришни, экин майдонларини бегона ўтлардан тозалаб, тартибга келтириб туришни тақозо қилади. Шу нуқтаи назардан, алоқадор ташкилотлар раҳбарларига ўз ҳудудида бу ишларни Қурбон ҳайити арафасида кечиктирмасдан ташкил этиш таклифи берилган. Улар мажбурий тарзда меҳнатга жалб этилмаган, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, М-39 автомобиль йўлининг ушбу қисми ёқасида Ал Ҳаким ат-Термизий мақбараси ҳам жойлашган бўлиб, вилоят ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ҳамда хорижий давлатлардан бу ерга ҳар куни юзлаб зиёратчи ва сайёҳлар ташриф буюради. Шу сабабли, табаррук қадамжо атрофи ва унга олиб борувчи йўлларни обод, озода ва кўркам сақлашдек хайрли ишга ихтиёрийлик асосида ҳисса қўшиш фуқароларнинг ниятлари, саъй-ҳаракатлари билан уйғунлашиб кетган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги бундан кейин ҳам фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаган ҳолда воҳада ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўймайди, дея якунланган баёнот.
Бундан олдин, интернетда вилоят ҳокими Тўра Боболов ташкилот раҳбарлари ва ходимларини 3 август куни соат 6:00да М39 автомобиль йўли бўйлаб бегона ўтлардан тозалаш, гул экиш ва суғориш ишларига чиқариш бўйича 2 августда топшириқ хати берганини кўрсатувчи фотосуратлар тарқалганди.








