2019 йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 14-сонли қарори қабул қилинди.
Натижада, кўплаб фермер хўжаликларининг ерлари давлат захирасига қайтарилди ва тасдиқланган низом асосида танлов ўтказилиб, ғолибларга ажратилди.
Хусусан, Хонқа тумани Қорақош қишлоғи ҳудудидаги 108,4 гектар ер майдони бўйича ҳам шундай танлов ўтказилди. Унда Қорақош қишлоғида фаолият юритувчи «Ибрагим Ханифа» фермер хўжалиги раҳбари Рўзибой Халмуратов ва Қирқёп қишлоғида яшовчи «Музаффар Нилуфар» фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Бабажановлар қатнашди.
2019 йил 28 январь куни ва 4 февраль куни ўтказилган 2та танлов натижасига кўра «Ибрагим Ханифа» фермер хўжалиги раҳбари Рўзибой Халмуратов 77,5 балл, «Музаффар Нилуфар» фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Бабажанов эса 79,4 балл тўплади. Натижада «Музаффар Нилуфар» фермер хўжалиги танловнинг ғолиби деб топилиб, Хонқа тумани ҳокимининг 2019 йил 2 мартдаги 1208қ-сони қарори билан унга 108,4 гектар ер майдони 49 йилга ижарага берилди.
«Ибрагим Ханифа» фермер хўжалиги раҳбари Рўзибой Халмуратовнинг фикрига кўра, танлов адолатли бўлмаган ва Музаффар Бабажановга асоссиз равишда баллар қўшиб берилган.
Бу иш икки марта – Хонқа тумани маъмурий суди ва Хоразм вилояти маъмурий судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилди. Суд маҳкамасида танлов қоидалари ҳақиқатдан ҳам бузилгани ва Музаффар Бабажановга асоссиз равишда 11 балл қўшиб берилгани ўз тасдиғини топди.
Хусусан, танлов комиссияси томонидан қуйидаги хатоларга йўл қўйилгани аниқланди:
- Талабгор М.Бабажанов тақдим қилган бизнес режаси имзоланманган ва тасдиқланмаган бўлса-да, унга 7 балл қўйилган. Аслида имзоланмаган ва тасдиқланмаган бизнес режа ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди ва унга балл бериш нотўғри;
- М.Бабажановнинг «Касб таълими – озиқ-овқат технологияси» мутахассислиги Низом бўйича «бошқа мутахассислик» деб баҳоланиши ва 5 балл берилиши ўрнига «инженер» деб баҳоланиб, 8 балл қўйилган;
- М.Бабажановнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги иш стажи 9 балл билан баҳоланиши ўрнига 10 балл қўйилган.
Бундан ташқари, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасида фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар бошқа тенг шартларда устун ҳуқуқдан фойдаланиши кўзда тутилган бўлишига қарамай, танлов комиссияси ва туман ҳокими томонидан ушбу ҳолат ҳисобга олинмаган. Ваҳоланки Рўзибой Халмуратов айнан Қорақош қишлоғида, Музаффар Бабажанов эса Қирқёп қишлоғида яшайди.


















