Жаҳон | 01:19 / 10.08.2019
29877
2 дақиқада ўқилади

Россия Куриль оролларининг Япония ҳудуди сифатида кўрсатилишига муносабат билдирди

Фото: РИА "Новости"

Жанубий Куриль оролларининг 2020 йилги Олимпия ўйинлари харитасида Япония таркибига киритилиши қонунга хилофдир. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова маълум қилди. 

Захарованинг таъкидлашича, бундай ҳаракатлар давлатлар ўртасидаги муҳитни заҳарлайди. “Сизга айтишим мумкинки, бу ҳаракатлар аниқ икки томонлама муносабатлар фойдасига эмас. Фикримча, у Токионинг ўзига ҳам фойда келтириши даргумон”, деб қўшимча қилган дипломат. 

Аввалроқ Олимпиада-2020 расмий сайтида Япониянинг Олимпия машъаласи йўналиши акс этган харитаси пайдо бўлган. Унда Кунашир, Шикотан, Итуруп ороллари ва Хабомаи тизмаси Хоккайдо префектураси таркибида кўрсатилган. 

Москва июлда G20 саммитига тайёрланган ҳамда Куриль ороллари япон ҳудуди сифатида кўрсатилган видеоролик сабабли Токиога норозилик билдирганди. Токио ўз навбатида Кунашир ороли яқинида отиш машқлари ўтказилиши ва Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг Итурупга ташрифига норозилик билдирган.

Москва ушбу оролларни Иккинчи жаҳон уруши якунлангандан кейин имзоланган таслим бўлиш актига таяниб Россия ҳудуди деб ҳисоблайди. Бу масала бўйича зиддиятлар сабабли икки қўшни давлат ҳанузгача тинчлик битимини имзоламаган.

Мавзуга оид