Жамият | 21:52 / 10.08.2019
29173
2 дақиқада ўқилади

ЙПХ ходимларидан қарама-қарши йўналишда қочган “Ласетти” ҳайдовчисига 15 суткалик қамоқ жазоси берилди

7 август куни интернет тармоғида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб кетаётган автомобиль тасвирланган видеолавҳалар тарқалган, Тошкент шаҳар ИИББ Мирзо Улуғбек кўчасида қарама-қарши ҳаракат йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган "Ласетти" русумли автомобиль пойтахт ИИББ ЙПХ инспекторларининг назарига тушганлигини маълум қилганди.

Хабарда ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмаганлиги, автомобилнинг давлат рақами аниқланиб, қоидабузар ҳайдовчини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилгани айтилганди.

Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг хабар беришича, автомобиль ҳайдовчиси Чирчиқдаги Жисмоний маданият давлат институти 2-босқич талабаси, 25 ёшли Шерзодбек Мадаминов бўлган. 

У ЙПХ инспекторларидан қочиб, Crafers заводи ёнидаги маҳаллага кириб яширинган ва машинаси давлат рақамини ечиб олиб, ўша ерда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари қидирувни тўхтатишларини кутиб ўтирган чоғида қўлга олинган.

8 август куни маъмурий ишлар бўйича Мирзо-Улуғбек тумани судида мазкур ҳолат бўйича суд жараёни бўлиб ўтган.  

Суд томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддасига асосан, (башарти шахс бир неча маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлиб, шу ҳақдаги ишлар бир вақтнинг ўзида айни бир орган томонидан кўриб чиқилаётган бўлса, бу шахсга нисбатан қўлланиладиган узил-кесил жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида қўлланилади) унга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шерзодбекнинг тан олишича, у илгари ҳам ана шундай ҳуқуқбузарликни содир этган ва жарима тўлашдан қочишга уринган.

Мавзуга оид