Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ишларини мувофиқлаштириш ва ахборот-кутубхона фаолиятига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Ёшларни ахборот-кутубхона муассасалари ва умумтаълим мактаблари ҳамда маҳалла кутубхоналарига жалб этиш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш бўйича “Йўл харитаси”;
умумтаълим мактаблари ўқувчиларини, уларга туташ ҳудуддаги маҳалла ёшларини китобхонликка жалб этиш, дарсдан ва бошқа фаолият туридан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича ташкил этиладиган тўгараклар рўйхати;
вилоят туман, шаҳарлари ҳокимликларига китобхонлик масалалари бўйича бириктирилган ижодий маслаҳатчилар рўйхати;
вилоятдаги ёшларни китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятига кенг жалб этиш йўналишида тўгарак раҳбари ва (она тили ва адабиёти фанлари) ўқитувчиларни малака оширишга жалб этиш жадвали;
“Йўл харита”да белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкиллаштириш ва мониторинг олиб бориш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланади.
Белгиланишича, “Йўл харита”га мувофиқ ёшларни китоб мутолааси ва китобхонликка кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ишларини амалга оширишда биринчи навбатда умумтаълим мактаблари имкониятларидан кенг фойдаланилади.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги:
а) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар босқичма-босқич Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан “Китоб карвони” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига ҳар бири учун бир миллион нусхадан кам бўлмаган миқдорда бадиий-маърифий ва ижтимоий мавзулардаги, шунингдек болалар ва ўсмирларга мўлжалланган адабиётларни чоп этилиши ва таълим муассасаларига етказиб берилишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Агентлик билан биргаликда агентлик тизимидаги ахборот кутубхона муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;
Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ёшларни китоб мутолааси ва китобхонликка кенг жалб этиш борасидаги барча мавжуд имкониятлардан самарали ва тўлиқ фойдаланган ҳолда ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ахборот-кутубхона ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, китобхонлик тўгараклари фаолиятини йўлга қўяди.















