Ўзбекистон | 07:49 / 13.08.2019
10447
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ҳукуматга маҳаллийлаштирилган товар ишлаб чиқаришни икки йилда камида 20 фоизга ошириш вазифасини қўйди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Вазирлар Маҳкамасига маҳаллийлаштирилган товар ишлаб чиқаришни икки йилда камида 20 фоизга ошириш вазифасини қўйди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қиймат яратиш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш иқтисодиёт барқарорлигининг муҳим омилидир. Шу боис мамлакатимизда маҳаллийлаштиришни ривожлантириш, корхоналар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтиришга зарур шароит яратилмоқда. Лекин айрим тармоқ ҳамда ҳудудларда маҳаллийлаштириш бўйича ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани танқид қилинди, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда молибденнинг 1,1 фоизи, табиий газнинг 12 фоизи, рухнинг 21 фоизи, миснинг 25 фоизи, мева-сабзавотларнинг 20 фоизи, ип-калаванинг 46 фоизи қайта ишланмоқда, холос. Агар бу хомашёлар чуқур қайта ишланса, қўшилган қийматни 5 бараваргача ошириш мумкинлиги қайд этилди. 
 
“Шунча шароит яратяпмиз, технологиялар олиб келяпмиз. Жойлардаги раҳбарлар эса ўзини қийнамай, маҳаллийлаштириш устида ишлаш ўрнига осонгина импорт қилишга ўрганган”, – деди президент.

Вазирлар Маҳкамасига барча тармоқ ва ҳудудлар корхоналарида маҳаллийлаштирилган товар ишлаб чиқариш ҳажмини келгуси икки йилда камида 20 фоизга ошириш, импорт улуши юқори бўлган товарларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Ҳисоб палатаси таркибида маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларини таҳлил қиладиган бўлинма ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. 

Мавзуга оид