Вазирлар Маҳкамасининг “Ўрмон фонди ерларини эгалик қилиш, фойдаланиш ва давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ҳужжат билан ўрмон фонди ерларини эгалик қилиш, фойдаланиш ва давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, ўрмон фонди ерлари таркибидаги қуйидаги ерлар давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилиши мумкин:

ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ерларида янгидан барпо этилган ва камида бир йилгача бўлган муддатда парваришланган ўрмонлар жойлашган ерлар;

ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ва келгусида ўрмон барпо этиш мумкин бўлган ерлари;

давлат ўрмон фонди ерларида ўрмондан ўрмон-овчилик, овчилик ва (ёки) балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун, илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ҳамда эстетик мақсадларда, шунингдек экологик туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш мумкин бўлган ерлар;

давлат ўрмон фонди ерларида кўчатчиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинлари экиш ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлган ерлар.

Ўрмон фонди участкаларида пичан ўриш, чорва молларини ўтлатиш ва асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўрмон фонди ерлари юридик ёки жисмоний шахсларга ўрмон хўжалиги органлари томонидан ижара шартномасига кўра 50 йилгача бўлган муддатга давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилади.

Ижарага берувчи балансда сақловчининг ўрмон фонди участкасини давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш бўйича танлов ўтказиб бериш тўғрисидаги ёзма илтимосномасига кўра очиқ электрон танлов эълон қилади.

Бир ой давомида электрон танловда талабгор бўлмаган ҳолларда, ижарага берувчи томонидан ўрмон фонди участкасини биринчи ташаббускорга тўғридан-тўғри шартнома орқали давлат-хусусий шериклик асосида ижарага беришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлмаган юридик ёки жисмоний шахсларга ўрмон фонди участкаси Қўмита билан тўғридан-тўғри тузилган ижара шартномаси асосида инвестиция киритиш шартлари билан берилади.

Давлат шериги тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича аниқланадиган хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади.