Иқтисодиёт | 15:54 / 16.08.2019
13165
2 дақиқада ўқилади

Хориж инвесторлари Ўзбекистонда қандай қийинчиликларга дуч келишаётгани маълум қилинди

Олий Мажлис Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан USAID’нинг Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринлари яратиш лойиҳаси (CTJ) доирасида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ривожидаги тўсиқлар, уларни бартараф этиш борасида ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар муҳокама этилди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги илмий-тадқиқот маркази раҳбари Дурбек Ахмедов республикага кириб келаётган хориж инвесторларининг фикрини ўрганиб, уларни қуйидаги масалалар қийнаб келаётганини маълум қилди:

·       маҳаллий ва хориж инвесторлари ўртасида ўзаро мулоқот етишмаслиги;

·       маълум ҳудудга оид ишончли статистик маълумотлар йўқлиги;

·       бюрократик тўсиқлар, кафолатланмаган мулк дахлсизлиги;

·       инфраструктуравий муаммолар;

·       беқарор бизнес муҳити;

·       инвестицион лойиҳаларнинг сифат даражаси.

Аҳмедовнинг қўшимча қилишича, 2050 йилга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш керак. Ундан ташқари, солиқ тизимини тубдан ўзгартириш, маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш, ҳуқуқий нормаларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, маҳаллий тадбиркорлар ва ҳокимият органлари алоқаси мустаҳкамланиши, бизнес этика, корпоратив бошқарув ҳамда жамоатчилик билан алоқалар йўналишларида тизимли ислоҳотлар олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади.

Мавзуга оид