Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини янада кенгайтириш ва ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан ҳимоялашга доир ишлар суръати тезлашиб кетди. Аммо, таассуфки, жойлардаги ҳануз учраб турадиган айрим ҳолатлар кўнгилни хира қилади.

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидан Kun.uz таҳририятига юборилган мурожаат ҳам тадбиркордан. Тезда чора кўрилмаса, у 1 миллиард 600 миллион сўм пулига куйиб қолиши мумкин. Ушбу тадбиркор билан боғлиқ муаммо фақат туман ёки вилоят кесимида эмас, қайсидир маънода республика миқёсида ҳам ўз ечимини кутмоқда.

Ушбу туманнинг Қудуқ қишлоғида истиқомат қилувчи тадбиркор Ҳамза Тоштемиров ва бошқа тадбиркорлар банк кредитлари орқали аҳолига тарқатилган майда ва йирик шохли моллар учун тўрт ойдан буён пулларини ололмаётгани юзасидан мурожаат қилди.

Ҳамза Тоштемиров «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурида белгилаб берилган вазифалар асосида банк кредитлари ҳисобига аҳолига майда ва йирик шохли молларни тарқатган.

Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, тадбиркор жорий йилнинг 10 ва 28 май кунлари «Агробанк» орқали 44 нафар фуқарога, «Миллий банк» орқали 33 нафар ва бошқа банклар орқали 10 нафардан зиёд фуқарога мол берган. Аммо ушбу чорва моллари учун у ҳамон мазкур банклардан пул олганича йўқ.

— Банкнинг қарорида кўрсатилишича, таъминотчи молни олдиндан таъминлаб берса, биз мониторинг қилиб пулини тушириб берамиз дейишди, — дейди тадбиркор Ҳ. Тоштемиров. — 10 кун муддатга дейилган нарса 5 ойга қараб кетяпти. Банклар «ресурсимиз йўқ» деб пулимизни тушириб бермаяпти. Борган сари банкрот бўляпмиз.

Маълумотларга кўра, у шу кунга қадар 300 нафарга яқин фуқарога қорамол берган бўлса, шулардан 200 нафарининг пулини олган, қолган 100 нафарининг пуллари эса, юқорида тадбиркор таъкидлаганидек, «ресурс йўқ»лиги сабаб берилмаяпти.

Юқори турувчи ташкилотларнинг бу муаммога нисбатан муносабати қандай бўляпти, дерсиз?

— Ҳозирги кунгача Президент виртуал қабулхонасига, молия вазирлигига, вилоят ва туман ҳокимлигига, туман прокуратурасига ва бошқа туман, вилоят ва Республика даражасидаги ташкилотларга йўллаган мурожаатларимизнинг бирортасига жўяли жавоб бўлмади. Банк менга таъминотчи сифатида пул ўтказиб бериши керак эди, аммо бундай бўлмаяпти. Ўзимиз бориб молларимизнинг ҳозирги эгаларидан қайтариб ололмаймиз. Бунга қонуний ҳақимиз йўқ, — дейди тадбиркор.