Мюнхенликлар Филиппе Коутиньони 8,5 миллион еврога бир мавсум учун ижарага олишди. Энди каталонияликлар ундан Неймарни трансфер қилишда фойдалана олишмайди. «Спорт-Экспресс» нашри ушбу трансфер ҳақида мақола эълон қилди.

Неймарнинг меросхўри
2017 йил ёзида Неймар шов-шувли тарзда «Пари Сен-Жермен» сафига ўтгач, «Барса» раҳбарияти ушбу трансфердан тушган 222 миллион еврони нимага сарфлашга билмай қолганди. Клуб президенти Хосеп Бартомеу бу пулни Коутиньо ва Дембеле учун сарфлашга қарор қилди. Ўшанда Филиппе «Виссел Кобе»га йўл олган Иньестани идеал даражада алмаштириши, Дембеле эса Неймарнинг меросхўри бўлиши кутилганди.

Амалда эса барчаси бошқача бўлиб чиқди: ўтган икки йил давомида Дембеле ўз салоҳиятини кўрсата олмади, у доимий равишда жароҳат олди ва машғулотларга кечикиб, йирик миқдорларда жарималар тўлади. Коутиньо эса бир ярим мавсумда (у жамоага 2018 йил 6 январида қўшилган) барча турнирлар доирасида 21 гол уриб, 11 голга узатма берди, аммо бу статистика унинг ўйини кучли бўлганини англатмайди. Бразилиялик футболчи умуман Эрнесто Вальверде тузган жамоада ўз ўрнини топа олмади, у гоҳ ҳужумкор яримҳимоячи, гоҳ чап қанот ҳужумчиси ролида синаб кўрилди, захира футболчисига айлангач уни миш-мишларда гоҳ «ПСЖ»га, гоҳ «Тоттенҳэм»га жўнатишди, ҳатто«Ливерпуль»га қайтаришди — қаерга кетса кетсин, муҳими «Барселона»дан узоқда бўлсин.

«Барса» бонус тўлашни истамайди

Кўк-анорранглилар раҳбарияти аввал ҳам амалда Филиппенинг трансфери хато бўлганини тан олишганди. Ҳозирда каталонлар клуб тарихидаги энг қимматбаҳо харид клубга керак эмаслигини расман тасдиқлашди: Коутиньо бир мавсумни «Бавария»да ижара асосида ўтказади. Мюнхенликлар клуби «Барса»га 8,5 миллион евро тўлайди ва кейинги йил ёзида Коутиньони сотиб олиши мумкин бўлади. Каталонияда Месси ва Суаресдан кейин энг кўп маош олувчи учинчи футболчи бўлмиш бу бразилиялик (йилига 13,5 миллион евро) футболчини немислар ўз сафида олиб қоладими йўқми, вақт кўрсатади. «Барса» эса нафақат майдонда ортиқчалик қилаётган Коутиньодан, балки харажатлар сметасида ҳам муаммо туғдираётган Коутиньодан халос бўлишди. Қолаверса, 120 миллион еврога сотиб олинган футболчи бир ярим йил ўтиб ижарага берилиши — «Барселона» раҳбариятининг жиддий хатоси сифатида эслаб қолинади.

«Барса» харажатни қисқартиришга ҳаракат қилмоқда: Филиппе ижарага берилиши туфайли, клуб «Ливерпуль»га бериладиган пулдан 25 миллион евро тежаб қолиши мумкин. Коутиньо «Барселона»га ўтганида, шартномада футболчи янги клубида 100та ўйин ўтказса, мерсисайдликларга қўшимча 20 миллион евро тўлаб бериши (бразилиялик 76 ўйинда кўк-анорранглилар футболкасида майдонга тушишга улгурди) ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозонилса, яна 5 миллион евро миқдорида бонус маблағлари ўтказилиши белгиланганди. Агар «Барса» 25 миллион еврони сақлаб қолишни истаса, кейинги йилда уни кимга бўлса ҳам сотишига тўғри келади, Коутиньо Мюнхенда қолиши эҳтимоли жуда паст. «Бавария» беҳуда пул сарфлайдиган жамоа эмас. Клубнинг тажрибали раҳбарлари кейинги йилда 28 ёшда бўладиган футболчи учун 120 миллион евро тўлашига ишониш қийин.